(Тўйдан олдин энг асосий талабим)
ОНАМНИ ДЕМАСАНГ, ЁРИМ ДЕМАСМАН...
Мен сени беҳуда қилмайман хафа,
Чўчима, муштумзўр золим эмасман.
Оилам қўрғонини қилгум мудофаа,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Майли, ўз вақтидан кечиксин таом,
Майли, шарбат сузиб узатмасанг жом.
Волидам пишитгай, эй ғўргинам хом,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Узукка тўлдиргум бармоқларингни,
Ўзим таққум тилло балдоқларингни.
Лек шу сўзга динг қил қулоқларингни,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Маним қош кўзима шайдолар бисёр,
Гўзаллар жонин бахш этмоққа тайёр.
Дунёда қизлар кўп...Лек бир онам бор,
Онамни демасанг ёрим демасман!
Дуоси қайтарур хасратни, ғамни,
Мехри ёритгайдир кундуз кечамни
Қадрини бил Она Қироличамни,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Қурган кошонам-у зеб-у зарларим,
Ишқий мактублар-у шоҳ асарларим.
Сеникидир бари лек бил дилбарим,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Волидамни мендан устун кўравер,
Меҳринг ипагинга қалбин ўрайвер.
Сўнгра не истасанг, мендан сўрайвер,
Онамни демасанг, ёрим демасман!
Умрим тулпорининг чавандозиман,
Онам оёқ қўйсин-поёндозиман.
У сандин розими, мен хам розиман,
Онамни демасанг ёрим демасман!
Аллоҳга еткайдир оҳ-у нолам хам,
Мушфиқимсиз тордур, манга олам хам.
Андин азиз эмас хатто болам хам
Онамни демасанг, ёрим демасман!
@latahzanim