ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ: post #83800 — TG.ME

🚨🚨🚨:
ИЛОН_ЙИЛИ



Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)

Ҳаётий воқеалар асосида

— Бўлди,  ойи,  — кўзларига ёш келди Севаранинг, — агар адамлар  шуни истасалар турмушга чиққаним бўлсин. Бу ерда бир уй инсонни юрагини парчалаб ўтирганимдан кўра,  ҳақиқатда ҳаётимни янгитдан бошлаганим афзал. Цех ишларини ҳам Гулноза келинойим бемалол уддалаяптилар. Мен фақат янги  дизайн яратаяпман холос. Бу ишни ҳар қаердаям қила оламан. 

   — Ўзимни ақллигим, — Севарани бағрига босди Гулсара, опа, — ҳали Аллоҳимнинг сенга атаганлари ҳам бордир. Синовни берган зот,  мукофотини ҳам ҳозирлаб қўяди албатта. Мана кўрасан,  ҳали шунақа бахтли бўласан,  "Севарага ўхшасам қанийди?" деб сенга ҳавас қиладиганлар қанча бўлар экан.

   Севара онасининг елкасига жим бош қўйиб ўтирар экан,  кўнглидан "Шу сўзларингизга ўзингиз ҳам ишонсангиз қани эди?"  деган сўзлар ўтди.

   🍂

   Муродбахш кун деб катталарнинг ҳоҳиш-истакларига кўра Севара ва Тоиржон чоршанба куни учрашувга чиқдилар.

    Бу сафар улар шаҳардаги сўлим ҳиёбонлардан бирида ҳеч қандай келин дугона-ю, куёв  янгалар кузатувисиз кўришдилар
   



—303—


ИЛОН_ЙИЛИ


Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)

Ҳаётий воқеалар асосида

    Севара Тоиржон билан учрашганидан кўп ўтмай у ҳақда анча тасаввурга эга бўлгандек бўлди.
   "Қадди басти келишган,  оқ юзли,  чиройликкина йигит экан, — ўйлади у Тоиржонни хаёлан биринчи турмуш ўртоғи Ҳусниддин билан солиштириб,— муҳими кўзлари олма-кесак термайди, ўзини босиб олган жиддий. Яна камгапгина экан.  Ўзи менга азалдан тўтиқушга ўхшаб тинимсиз сайрайдиган йигитлар ёқмаган".

    Тоиржон унча узоқ бўлмаган ҳикоя билан ажралиш тарихини Севарага сўзлаб берар экан кўз остидан унга тез-тез нигоҳ ташлаб қўяр эди. Севарага ёққан томони Тоиржонни борини  бордек қилиб,  собиқ аёлига ортиқча мағзава ағдармай сўзлагани бўлди.
   Севара ҳам ўз навбатида Тоиржон ўзидан ана шундай изоҳ кутаётганини ҳис қилиб ўтган турмуши ҳақида гапириб ўтди.  У ҳам Ҳусниддин ҳақида орқасидан ёмон гап гапиргиси келмади. Қисқача қилиб "У кишининг севган аёллари бўлган экан,  мени эса  уйланса биринчисини унутар дея мажбуран олиб беришган,  аммо инсон кўнгли тиламаган ошни барибир қабул қилмас экан. Турмушим бўлмаслигининг асосий сабаби шу"  деб қўяқолди. Ортиқча тафсилотларни эса очиқлагиси келмади.
    Икковлари бироз боғ айланишган бўлишди,  Тоиржон Севарага музқаймоқ олиб берди. Ундан ортиғини эса Севаранинг ўзи йигит кўнглига тегмайдиган қилиб рад этди.
    Шу куни икковлари бир-бирлари билан ортиқча гап-сўзларсиз хайрлашган бўлсалар-да,  уйга қайтганларида ўзлари маҳтал кутиб турган оила аъзоларига келишиб олгандек "Ўзингиз биласизлар"  дея бир овоздан жавоб қайтардилар.


—304—
❤66👍17🤔7🔥4👏1