Бола китоб ўқимаяпти. Лекин муаммо болада эмас!
Мани китобни одами деб билишади учун, кўп учрашувларда муҳокама мавзуси болани китоб ўқитиш бўлади. Ҳамма ҳар хил методларни айтади. Кимдир телефон ва телевизорни "запрет" қилган, кимдир ҳар бир ўқилган китоб учун пул берган. Келинг, мавзуга кенгроқ тўхталамиз.
1973 йил, Стэнфорд университети. Психологлар боғча болаларини кузатишди ва расм чизишни ёқтирадиганларини ажратиб олишди. Кейин уч гуруҳга бўлишди.
Биринчи гуруҳга айтишди: «Чизсанг, мукофот берамиз». Ва бердилар. Иккинчисига ҳеч нима ваъда қилинмади, лекин чизиб бўлганидан кейин кутилмаган мукофот берилди. Учинчисига ҳеч нима.
Орадан икки ҳафта ўтгач, болаларга эркин вақт берилди — хоҳлаган нарсангни қил.
Мукофот ваъда қилинган гуруҳ қаламга энг кам қўл урди. Икки баробар кам. Улар аввал ҳам, ҳозир ҳам чизишни билишарди. Фақат энди чизиш уларнинг шахсий эрмаги эмас, бажарилиши керак бўлган вазифа эди.
Психологияда бу — overjustification эффекти. Ташқи мукофот ички қизиқишни сиқиб чиқаради. Бола фаолиятни қайта кодлайди: «мен буни ўзим учун қиламан» ўрнига «мен буни бирор нарса олиш учун қиламан». Мукофот тўхтаган куни фаолият ҳам тўхтайди.
Энди савол: «Ўн бет ўқисанг, телефон бераман» деган жумлани фарзандингизга неча марта айтгансиз?
Бизда китобхонлик масаласи деярли ҳар доим мотивация масаласи сифатида қўйилади. Қандай қизиқтириш керак? Қандай мажбурлаш керак? Қайси китобни бериш керак?
Ҳолбуки тадқиқотлар бошқа нарсани кўрсатади: ўқиш мотивациясининг энг кучли башоратчиси — боланинг нимани ўқишни ўзи танлаши. Мазмуни эмас, танлов ҳуқуқи.
Бу ота-оналарга ёқмайди. Чунки бола комикс танлайди. Ёки қизиқарли энциклопедия. Ёки ўн бешинчи қисми чиқаётган саргузашт сериясини. Ота-она эса «жиддий» китоб кутади. Ўзим ҳам шу хатодан ўтганман, ўғлимга ҳа деб китоб ташисам қизиқмаган. Asaxiy дўконимизга олиб бориб, ўзинг танла десам, қизиқиб космос ҳақидаги эксиклопедияни кўтариб чиққан. Кейинги бир неча ой у завқ-шавқ билан космос ҳақида айтиб берган.
Ўқиш кўникмаси аслида мазмундан эмас, ҳажмдан ўсади. Равонлик (fluency) — соатлаб ўқиш натижаси. Равонлик бўлмаса, жиддий китоб очилиши билан ёпилади: бола ҳарфни ўқийди, лекин фикрни ушламайди. Шунинг учун «фойдасиз» деб ҳисоблаган китоблар аслида кейинги босқичнинг зинапояси бўлади. Уларни олиб қўйиш — зинапояни олиб қўйиш.
Яна бир нарса бор, у ҳақда камроқ гапирилади.
2010 йилда 27 мамлакатни қамраган йирик тадқиқот эълон қилинди. Уйдаги китоблар сони билан боланинг таълим даражаси ўртасида мустаҳкам боғлиқлик топилди — ва бу боғлиқлик ота-онанинг маълумоти, даромади ва касбидан алоҳида сақланиб қолди.
Бу ерда эҳтиёт бўлиш керак: бу корреляция, сабабият эмас. Уйга юз дона китоб келтириб қўйиш билан ҳеч нима ўзгармайди. Тадқиқотчилар ўзлари ҳам буни «оиладаги интеллектуал муҳитнинг кўринадиган белгиси» деб изоҳлашади. Яъни китоблар сабаб эмас — улар бошқа бир нарсанинг изи.
Ўша бошқа нарса — ота-онанинг ўзи ўқиши.
Бола ота-онасининг гапини эмас, одатини кўчиради. Уйда ҳеч ким китоб ўқимаса, лекин болага ўқи дейилса, бола аниқ хулоса чиқаради: китоб — болалар учун мажбурият, катталар ундан қутулган.
Учта амалий нарса, қолганини ўзингиз қўшасиз:
Биринчи. Бола ўзи ўқий олгандан кейин ҳам унга овоз чиқариб ўқишни тўхтатманг. Тахминан 13 ёшгача боланинг эшитиб тушуниш даражаси ўқиб тушуниш даражасидан юқори туради. Яъни биргаликда ўқиганда у ўзи эплолмайдиган, лекин қизиқроқ китобларга кириб боради.
Иккинчи. Китоб жавонда эмас, боланинг қўли етадиган жойда турсин. Каравот ёнида, стол устида, машинада. Танлов ҳуқуқи фақат имконият бўлганда ишлайди.
Учинчи. Ётоқхонада экран бўлса, китоб ҳар доим ютқазади. Бу ирода масаласи эмас, дизайн масаласи.
Ва охирида ўша ноқулай савол.
Гапларимни хулоса қилиб бераман. Болани китоб ўқишга қизиқтириш учун иккита нарса муҳим:
1. болага ўзига қизиқ мавзуда китоб танлаш эркини бериш, шунда бола мавзу қизиқ бўлгани учун ҳам китобни ўқийди ва одат шаклланиш эҳтимоли ошади.
2. бола сизни кўпроқ маза қилиб китоб ўқиётган ҳолатда кўриши
Ўтган бир ойда фарзандингиз сизни китоб ўқиб ўтирган ҳолда неча марта кўрди?
Агар жавоб нолга яқин бўлса — масала боланинг қизиқишида эмас.
Сизга оиланинг ҳамма аъзоларига мос тайёр китоблар керак бўлса, унда биз саралаган 50та китобдан иборат "кутубхона" тўпламига қараб кўринг: asaxiy.uz/u/6a78bf2686d7a
67
18
2August 9, 2026 12.6K 185