Инстаграмда китоб дўконини ёпаётган, онамдан қарз олиб 20 кунлик савдомга қўшиб, ижара учун тўладим деган қиз видеосини кўриб қолдим. Синглимиз учун афсусдаман.
Бошқалар ҳам бу хатони қилмаслиги учун айтиб ўтаман. Тез-тез романтик бўлиб ёзиб қолишади, китоб дўкони, book кафе, нашриёт ёки нимадир очаман деб. Ҳар доим соҳанинг қанчалик қийин эканлигидан огоҳлантираман.
Бизда китоб соҳасида бизнес қилиб бой бўлолмайсиз. 95 фоиз ҳолатда зарарга ҳам ишлайсиз. Чунки китобларга талаб ва халқ тўлашга тайёр нарх сизга рентабил бизнес қилишга имкон бермайди. Қайсидир давлат ташкилотларига яқин бўлиб, уларга китоб сотадиган 2-3та нашриётни, соҳадаги эски нашриётларни ҳисобга олмаса, бу соҳада фойда кўриб ишлаётганлар деярли йўқ. Яна бошқа йўли, китобга шундоқ талаб бор жойларга жойлашиб, соҳта (подделка) китобларни ярим нархида чиқариб ноқонуний ва ҳаром йўл билан пул ейиш мумкин. Лекин, орқасидан виждон билан яшаш қийинчилиги бор. Қонунлар бир кун ишласа, давлат ҳам жазосиз қолдирмайди.
Тоза виждон билан қонунан соҳада нон ейиш игна билан қудуқ қазишдек бўлиб қолган.
Asaxiy ҳам асосий фаолиятидан доимий даромадда бўлмаса, китоб қисмимиз узоқ яшамас эди. Катталашган сари турли хил кутилмаганда келган катта харидлар ёки Халқ банки ҳамкорлиги каби муваффақиятли эпизодлар лойиҳани бир қадам олдинлатиб берган. Бошқачасига, катта эҳтимол билан 5 йилга ҳам бормаган бўлар эдик.
Шу учун ҳам, китоб билан боғлиқ бирор лойиҳа қилмоқчи бўлсангиз, ҳобби сифатида қилсангиз бўлади. Лекин, юрушиб кетиб, ҳеч бўлмаса харажатини қоплайди деб умид қилманг.
Бир неча ўн, баъзан юзлаб миллион харажат қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг. Сиз йиллаб бу лойиҳани молиялаштиришга тайёрмисиз? Ёки сизга сотув келтирадиган қайсидир кафолатланган талаб борми? Агар шу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, яхшиси хавфга бориб, пулингизни кўкка совурманг. Соҳани паст баландини кўрган, ичкаридан вазиятни билган инсон сифатида самимий маслаҳатим.
88
19
11August 28, 2026 9.5K 39