Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Ўзбекистонда заправкалар очадиган бўлибди. Россиядаги энергоинқироз сабаб ёнилғи билан вазият оғирлигини ҳисобга олсак, яхши хабар.
Шу янгиликни ўқиб туриб, биздаги бир стереотип ҳақида ёзмоқчиман. Тез-тез эшитаман, Қозоғистон, Туркманистон ёки Эронда бензин арзон, импортни очиб қўйса бўлмайдими деб. Импортни очиб қўйиш тўғри йўл. Бензин импорти эркин бўлса, биржада хоҳлаган импортёр бемалол олиб келиб сотиб билса, рақобат ортидан адекват нархлар шаклланади. Бу бозор монополияси ва ноадолатли нархлардан асрайди. Бизни ҳолатимизда эркин бозор энг тўғри йўл.
Лекин, бу бизга Эрондаги ёки ҳатто қўшни Қозоғистондаги каби арзон бензин бермайди. Бунинг асосий сабаби, қўшнилар йирик нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ва улар бензин нархига кучли субсидия беришади. Кимдадир ёнилғи тан нархида сотилса, кимдадир анча зарар билан сотишади. Буни иқтисодиёт учун, ижтимоий тизим учун ва яна кўплаб сабаблар учун дейиш мумкин. Иқтисодиёт имкониятини берган ҳолатда бу яхшиликка. Энди биз ўша нархда бензин оламиз деб борсак, албатта йўқ дейишади. Масалан, қўшни Қозоғистонга Ўзбекистонга сотиладиган бензинни қозоқ солиқ тўловчилари ёки компаниялари ҳисобидан молиялаштириш нима фойда?
Бу худди бизда тан нархи ўртача 1 100 сўм бўлган электр токини 200 киловаттгача 650 Сўмдан сотилишига ўхшайди. Деярли ярим нархда. Лекин, дейлик қўшни Қирғизистон шу нархдан сотиб оламан деб келса, биз йўқ деймиз, чунки бу ўз аҳолимиз учун қилинган енгиллик.
Асосий бозор қоидасини эслаб ўтамиз, маҳсулотнинг нархини бозор шакллантириши керак ва у тан нархидан арзонга сотилиши мумкин эмас. Давлат ниманингдир нархига субсидия бердими, у субсидия аксар ҳолларда давлат бюджетидан қопланади. Маҳсулотга тўғридан-тўғри пул олинмаса-да, бюджетга у пуллар солиқлар, жарималар ёки мамлакатнинг бойликлари ҳисобидан олинади. Аҳоли у ёки бу йўл билан барибир тўлайди. Энг ёмони, маҳсулот зарарга сотилганда, ўз-ўзидан дефицит шаклланади, ундан ташқари соҳа ривожига ёки инфраструктурага инвестиция қилинмайди. Ва ўша соҳа аста-секин издан чиқади.
Аксинча, эркин рақобат муҳитида бизнеслар фойда кўрадиган бўлса, рақобатда устун бўлиш учун ҳам изланишади, инвестиция қилишади, таннархни пасайтириш йўлларини ҳам топишади.
Бензин билан ҳам шунақа. Соҳани эркин қўйиш, нархларга таъсир ўтказмаслик, давлат регулятор сифатида фақат сифатни назорат қилиши ва солиғини йиғиб олиши тўғри йўл. Қолганини бизнес ўзи эплайди. Доим талаб бор маҳсулот ҳеч қачон эгасиз қолмайди.
Лекин, юқорида айтиб ўтганимдек, импорт эркин бўлган ҳолда ҳам, Эрон ёки Қозоғистон ички бозордаги нархда бизга расмий ёнилғи экспорт қилишини кутмаслик керак. Халқаро бозорга халқаро биржада шаклланган нархлар амал қилади.
40
13
4August 24, 2026 4.4K 16