Ўзбекистонда 320 минг йил аввалги даврга оид артефактлар топилди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Аркутсой палеолит ёдгорлигида қадимги инсонлар томонидан ишлов берилган тош буюмлар топилди. Дастлабки тадқиқотларга кўра, топилмалар жойлашган қатлам 320–280 минг йил аввал шаклланган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Фанлар академияси ва Россия Фанлар академияси мутахассислари 2024 йилдан буён ёдгорликда археологик тадқиқотлар олиб бормоқда.
Тош артефактлар геологик кесманинг учта қадимги тупроқ қатламидан аниқланган. Бу эса қадимги инсонлар ҳудудни бир неча босқичда ўзлаштирганини кўрсатади.
Олимлар таъкидлашича, агар 320–280 минг йиллик сана мустақил лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, Аркутсой Ўзбекистонда ҳозиргача аниқланган энг қадимги археологик ёдгорлик сифатида эътироф этилиши мумкин.
Топилмалар Марказий Осиёда қадимги инсонларнинг тарқалиши ва ўша даврдаги табиий-иқлимий шароитларни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
1August 29, 2026 2K 1

