«Сен кимсан?»
Романнинг биринчи саҳифасида София почта қутисидан шу саволни топади. Бошқа ҳеч нима йўқ — на имзо, на манзил. Эртаси куни яна битта хат келади: «Дунё қаердан пайдо бўлган?»
Йостайн Гордернинг «Софиянинг дунёси» ана шундай бошланади ва ўқувчини Фалес билан Суқротдан Кант, Гегель, Сартргача олиб боради. 1991 йилда Норвегияда чиққан бу китоб 60 дан ортиқ тилга таржима қилинган, 40 миллиондан кўп нусхада сотилган, 1995 йилда эса дунёда энг кўп сотилган китоб бўлган.
Мана шу китоб энди ўзбек тилида.
Манимча, Илҳом Салимов таржима қилган бу китобнинг аҳамияти кўринганидан катта. Бизда фалсафа деганда одатда икки нарса тушунилади: университетдаги мажбурий фан ёки ҳеч ким охиригача ўқимайдиган қалин дарслик. Натижада Афлотун ҳам, Кант ҳам ўзбек ўқувчиси учун имтиҳон саволига айланиб қолган — уларни ўз хоҳиши билан ўқийдиган одам жуда кам.
Гордернинг топгани шунда: у фалсафани роман ичига яширган. Ўн тўрт ёшли қиз ва унинг сирли устози орқали икки минг йиллик фикр тарихи ҳикояга айланади.
Болага «фалсафа ўрган» демайди — «бу қизга ким хат ёзаяпти?» деб қизиқтиради, кейин йўл-йўлакай Суқротни таништиради.
Asaxiy Books учун бу осон қарор эмас эди. Ҳажми катта, таржимаси оғир, нархи арзон чиқмайди. Бундай китоб уч ойда бестселлер бўлмайди — у йиллар давомида, секин сотилади. Биз енгилроқ ва тезроқ айланадиган нарса чиқаришимиз ҳам мумкин эди. Лекин нашриётнинг иши фақат бугунги сотувни эмас, беш йилдан кейин расталарда нима туришини ҳам ўйлаш.
Манга бу китобда энг ёққан жойи — у жавоб бермайди, савол беришни ўргатади. Ўн тўрт ёшида бир марта жиддий «нега?» деб сўраган бола кейинчалик рекламага, ҳаётга ва оммавий фикрга ҳам шу савол билан қарайди.
Бу китобни ўқиган одамда битта имконият кўпроқ бўлади: у ўзи ҳақида ўйлаб кўради. Китоб болага ҳам, унинг ота-онасига ҳам, бобо-бувисига ҳам бирдек тавсия этилади. Ўқиган ҳар бир одам ундан маъно топади.
Китоб бугундан сотувда: asaxiy.uz/u/6a76fd0f9417e
Муҳим хабар: Бу "Халқ банки" билан ҳамкорликда чиқарган олтмишинчи китобимиз бўлди. Банк ўзбек тилида бир эмас, икки эмас, олтмишта китобни хонадонларга кириб боришига сабабчи бўлди. Бу китоб билан амалдаги шартномамиз ҳам ўз якунига етди. Китобхонлик борасида улкан ҳиссаси учун бутун банк жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар нафақат бир бизнесга, аслида муҳим бир сохага, келажакка, илмга катта тарихий ёрдам қилишди.
1
53
15
6
53
15
6August 8, 2026 16.6K 55



