Келин қизим
11-қисм
Уй бекаси қайтиб келиб дастурхонни артиб олди. Умрихон энди сал ўзига келиб қолган, енгил нафас оларди.
—Ўтиринг энди, кўп уринманг, —деди.
Аёл ҳам индамай ўтира қолди. На чой келтирди, на нон.
Умрихон унинг оғзини пойлаётганини сезиб, шошиброқ гап бошлади.
—Биз қулчиликка келдик.
—Манзилимизни ким берди? Кимсизлар!? —деди аёл дабдурустдан.
Умрихон айтсамми, айтмасамми дегандек бир лаҳза жим қолди. Кейин секин сўз бошлади.
—Сизларни бир яхши одам тавсия қилди. Ўзимиз ҳақимизда зарурат бўлса, мавриди билан билиб оласизлар. Ўғлимиз бор.
Бу—Муяссар. Келиним. Биз "Бодомзор" дан келдик. Неварам ўқишни бу йил битиради, қўлида хунари бор. Янги чиққан компьютер соҳаси бўйича фирмада ишлайди.
Уй бекасининг саволи кўп эди.
—Ўғлингиз қанча пул топади?
—Билмасам, болам, қанча топади? У довдираб Муяссарга қаради.
Келини шўрлик қизариб кетган, тили калимага келмасди.
—Ойижон, мен билмайман, ўғлингиз билсалар керак. Телефон қилайми? —деди. Қуда бўлмиш номига "Қўйинг!" демади. Кўзини лўқ қилиб ўтираверди.
Умрихон бўлса
—Эсладим, етти миллион олади, бир марта бувасига айтаётганида эшитган эдим —деди.
— Машинаси борми неварангизни?
Уйларингиз каттами, чиройлими? Хафа бўлманг, ҳамма ҳам қизини яхши жойга тушишини хоҳлайди, —деди ўзини оқлагандек бўлиб.
Умрихон оғирлик қилди.
—Машинаси йўқ, бу у ёқда турсин акасида ҳам йўқ, унинг устига катта келинимиз ҳам маҳрга машина сўраган, ҳали олиб бера олмадик. Ўзи яқинда алоҳида қилиб чиқардик. Уйимизга келсак, оддий ҳовли. Келиним барака топсин, шугинамнинг меҳнати билан ҳамиша тоза, жудаям файзли. Гард йўқ уйимизда. У шу гапларни айтар экан атрофга қараб олди.
— Ўғлингизни олиб келдингизми? —деди бека кўнгли тўлгандек бўлиб.
—Йўқ, аввал ўзимиз сизни бир кўрайлик дедик, онасини кўриб қизини ол деган гап борку! —деди
Аёл ёлғондан кулгандек бўлди.
—Ҳозир қизимни чақираман. У ўрнидан турмоқчи эди, Умрихон тўхтатиб қолди.
—Шарт эмас. Биз турамиз, қани омин...
Аёл уларни эшиккача кузатар экан, совчилар бошқа ҳеч нарса демадилар. Шунда у келувчилар қизи ҳақида ҳеч нарса сўрамаганини сезиб қолди.
Умрихонга тиззалари оғриганини ҳисобга олмаса, зинадан тушиш осонроқ бўлди. Кўчага чиқиб олгач чуқур нафас олди. Муяссар бояги ўриндиқни кўрсатди
—Бироз ўтирасизми, ойи?
Бош чайқади қайнонаси
—Шу ердан тезроқ кетайлик.
—Қизини кўрмадик-ку, ойи?—деди уни қўлтиқлаб олар экан.
—Нимасини кўрасиз, болам, яхшиям Иброҳимни олиб келмабмиз. Ёш йигит, ҳали кўзи очилмаган, қизларнинг фарқига бормайди, уйланаман деб қолса, урди худо. Бизга битта Лоланинг ўзи ҳам етади. Энди шошмаймиз. Аҳволини кўряпсиз-ку?! Исмоил ҳам кўзи кўр пайтида уйланди-да. Кейин ўзини овутгандек қўшиб қўйди
—У эмас, бу эмас, тақдир-да...
Қайнона-келин ўйчан кириб келдилар.
—Наҳот, аёллар шунақа бўлиб кетган бўлса. Тавба қизларимга келган совчилар олдида оёқларим қалтираб қоларди, ҳали ҳам қудаларимнинг олдида ҳаяжон билан тураман, ойижон, —деди Муяссар гап бошлар экан.
—Аввалги совчилар қизни суриштирарди. Нима хунари бор, қўлидан нима келади деб.
Прокурордек сўроқ қилди-я бизни.
—Ҳа, замон шуларники бўлди. Балки тўғридир, ким билади дейсиз, аммо шу саволларини сал бошқачароқ қилиб бериши мумкин эди. Ҳурмат қилмади бизни.. Ҳар холда у уйдан ҳозиргидек аҳволда чиқмас эдик.
Қайнона-келин эртасига ҳаи кун бўйи кечаги совчиликларини гаплашиб чарчамадилар. Шу тариқа кўнгилдаги ғашлик кўтарилиб, ўрнини кулги, табассум эгаллади. Кўзи мўлтираб жавоб кутаётган Иброҳимга ҳам кулиб-кулиб, у қиз маъқул келмаганини, бошқа жойни мўлжаллаб қўйганларини айтдилар.
Кечқурун эркаклар овқатланиб футбол кўргани кириб кетган эдилар ҳамки Муяссарнинг телефони чақириб қолди. Шошиб олди
Гўшакдан Исмоилнинг овози келарди.
Ҳар сафар салом бериб, узоқ сўрашадиган ўғли қандайдир бошқача эди.
—Нимадир бўлдими? —деди Муяссар.
—Лола уйига кетиб қолди.
—Қачон? Нега?
— Уч кун бўлди...
Муяссар бақириб юборди.
—Уч кундан бери энди айтасанми?
Умрихон безовта бўла бошлади.
—Ҳай, нима бўлди, нима деяпди? Менга беринг телефонни!
Феруза Салходжаева
🌸🌼🩵
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
75
7
4
2
2
2
1