ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ: пост #83897 — TG.ME

Келин қизим

4-қисм

Бир куни қайнонаси кечга норин тайёрлашини айтиб, ундан ёрдам сўради.
—Лолахон, сиз ҳовли-жойларни, идиш-товоқларни саранжомлаб турсангиз, овқатни ўзим эплайман, —деди. Лола йўқ демаганидек, хўп сўзини ҳам айтмади.
Уйдан чиққиси келмай ётаверди. Қайнонаси эшигини тақиллатиб, уни ташқарига чиқишга имлади. Ўрнидан туриб, юзини бирор жойи оғриётган одамникидек буриштириб олганча эшикка яқинлашди.
—Ҳа, ойижон?! Унинг овозида ҳам норозилик бор эди. Муяссарнинг нафаси ичига тушиб кетди. Эшик очилиб, остонада аллақандай абгор аҳволда турган келинини кўриб, шошиб қолди.
—Бирор жойингиз оғрияпдими, болам?
—Бошим, негадир, бошимни кўтара олмаяпман, —деди йиғламсираб.
—Вой, худойим, ёта қолинг, болам, эртага дўхтирга олиб бораман, ҳозир ҳамма камқон. Анализлар топшириб, муолажа қилинса, яхши бўлиб кетасиз. Уни озиб-ёзиб ҳашарга чақириб келган қайнонаси индамай ортига қайтиб кетди. Лола секингина ётоғига чўзилар экан.
—Бош оғриғи қандай бўлар экан ўзи? —деб қўйди. Унинг охирги пайтда топган севимли машғулотларидан бири—ҳар хил мева, ширинликларни томоша қилиш. Ҳар куни эмасу кунора нимадир егиси келади.
Мана ҳозир ҳам тўқ кўк-қорамтир рангдаги голубикани  иштаҳа билан еётган ҳомиладор аёлни кўриб, умрида еб кўрмагани шу мевадан егиси келди. Суратини олиб, Исмоилга юборди. Кейин тагидан хабар ёзди.
"Шуни емасам бўлмайди!" У нафси истаётган барча нарсани бошқоронғилик баҳонасида татиб кўришни одат қилиб олган ва бундан сира уялмас, аксинча қорни тезроқ қаппайишини истар, ўзини дамба дам ойнага солиб, сира билинмаётган ҳомиладорлигидан хафа бўларди. Баъзида бува-бувиси, ёки қайнона-қайнотаси олдидан лапанглаб ўтар, бирор юмуш қилса  ўзини худди зўрға, қийналиб бажараётгандек кўрсатар, унинг ивирсиб юришини кўрган катталар беихтиёр юзини бурар эди.

***
Муяссар кўзойнак қўндириб олганча китоб ўқиётган қайнонасининг олдига келиб ўтирди. Умрихон  бир қараб билдики, неча йилдан бери қизидек бўлиб кетган келини недандир безовта.
—Ҳа, болам? —деди кўзойнагини ечиб, ғилофига жойлар экан. Кейин қўлидаги китобни узатди. Муяссар чаққон бориб китоб жавонининг тепасига жойлаб қайтди.
—Лолахоннинг мазаси йўқ, қони кам бўлса керак, ойи. Ёрдам берармикан деб борсам, боши оғриётган экан.
Кампир унга тикилиб туриб шивирлади.
—Шу, келинимиз қувми дейманда, Муяссар?  Жудаям дангаса экан. Ҳар куни бир жойи оғрийди. Кейин ерга қараб гапирди.
—Ишқилиб, бир касал чақириб олмаса бўлди. Майли, кўнгли қолмасин, Исмоил ишидан рухсат олиб дўхтирга обориб келсин. Қани турдик, сизга ўзим ёрдам бераман. У ўрнидан турди
—Ҳали нима, энди етмишга кирдим. Худога шукур, таним соғ, оёқ-қўлим бутун. Мен норинга хамир қорай, сиз гўштларни қозонга солинг. Ҳамма касал кам ҳаракатликдан бўлади.
Она-боладек бўлиб кетган икки аёл келинчакни унутиб, суҳбатлашиб, яйраб таом тайёрлагунларича кун кеч бўлди. Норинлар лаганларга солиниб ўртага қўйилди. Пиёзлар тўғралиб, устига мурч сепилди, косаларга помидор қоқи солиб қайнатилган ранги қизғиш қайноқ шўрвалар сузилди. Барча оила аъзолари бир дастурхон атрофида жам бўлдилар. Лола ҳам иштаҳа билан норин ер, ҳар замонда шўрвасидан ҳўплаб қўяр, сира боши оғриётган одамга ўхшамас эди.
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач Исмоилнинг ортидан кириб кетаётган келинни Умрихоннинг қатъият билан айтган сўроғи тўхтатиб қолди.
—Лолахон, сиз қаёққа, болам? Келин индамай тўхтаб қолди.
—Дориларимни ичмоқчи эдим.
—Қани шу ёққа олиб чиқинг дориларингизни. Ичиб олингда, тез дастурхонни йиғиштириб, идишларни ювиб олинг, —деди. Лола индамай хонасига кириб кетди. Анча вақтгача кутиб ўтирдилар. Муяссарнинг сабри тугади. Ўрнидан туриб, таомдан бўшаган лаган, косаларни йиғиштира бошлади. Умрихон уни қайтарди.
—Шошманг, қанча керак бўлса, кутамиз чиқишини, —деди.
—Ҳеч нарсага тегманг!
Эркаклар, аллақачон ошхонани тарк этган, икки аёл саккиз ойдан буён тайинли иш қилмаган келинчакни кутиб ўтирар эдилар. Лола анча ҳаяллаб қолди. Шунда Умрихон ўтирган жойида бор овози билан чақира бошлади.
—Лолахон! Лолахон! Лолааа!
Ва ниҳоят кутилган одамнинг қораси кўринди.



Феруза Салходжаева

🌸🌼🩵
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
❤95🔥35👍23🤔5😱3👏2