ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ: пост #83943 — TG.ME

Келин қизим

13-қисм

Эшик очилиб, қизалоғини кўтарган Лола кўринди. Муяссар ўрнидан туриб кетди. Келинининг қовоғини уюб, эшитилар-эшитилмас  берган саволига баланд овозда алик олди. Кейин чақалоқни суюб, ўпди, эркалади. Сўнг Умрихонга узатди.
—Бирам соғингандим, кўзимнинг олдидан ўтиб турганди, —деди у ҳаяжон билан.
—Муслимахон—бу, ўзимнинг қизимда, Исмоилимнинг пушти камари. Эрка қизим... Умри хола гўдакни эркалатган сари Лоланинг энсаси қотарди.
Кейин болани келинига тутқазди. Дўмбоққина қизалоқ йиғламас, беозоргина эди.
Лола уни ёнига ёткизиб қўйди.
—Умрихон дуога қўл очди. Кекса-ю ёшга бирдек имон-инсоф сўради.
Хонада Лоланинг бувиси, онаси, Умрихон  билан Муяссар, шу билан бирга келин қолганди.
—Нима бўлди болам, Исмоил хафа қилибди деб эшитдим?
Лола индамай ўтираверди.
—Нимага ўз уйингизда эмас, бу ерда ўтирибсиз? Нарсаларингизни йиғиштиринг, уйга кетамиз. Эркакнинг кўнгли бир совуса, кейин  исимайди. Дунёда ким кўп, ажрашган, эрсиз юрган аёл кўп, иссиқ ўрнингизни совутманг, —деди. Лола қимирламай ўтираверди.
Гапга онаси аралашди.
—Қани тура қол, буюмларингни йиғ.
Бирдан қизининг жазаваси тутди.
—Бормайман ҳеч қаёққа, яшамайман.
—Сабаби бордир? Гапирсангиз-чи? —деди Умрихон асабий товушда.
—Ишдан келиши билан телевизордаги футболга ёпишади, кечгача кўзим тўрт бўлиб кутиб ўтираман, бола битта менга керакми? Ярим кечаси келади. Ҳа десам, устинг бут, қорнинг тўқ деб миннат қилади. Лоақал бир ҳафтада бир марта айланишга олиб бормайди, ўзи бўлса чойхонама-чойхона юради. Шу жойда гапга Муяссар аралашди.
—Исмоил чойхонага боряпдими? Ким билан? Унақа одати йўқ эди-ку?!
—Йўқ бўлса, энди пайдо бўлгандир. Ўлгудек зиқна, бир нарсага пул сўрасам уй олганмиз, Иброҳимни уйлантиришимиз керак, ота-онамга ёрдам беришим керак. Топиб олган гаплари шу. Ҳар икки гапнинг бирида ойим унақа қиларди, бувим бунақа қиларди. Яна тозалик талаб қилганига ўламанми? Бола билан иш қилиб бўладими?
Унинг оғзидан сўзлар автоматдек отилиб чиқар, ҳасрати сира тугай демасди.
Умрихон  сабр билан тинглади, бирорта гапига аралашмади. Охирида сўради?
—Исмоил сизга қўл кўтардими?
Лола кўзини ола-кула қилиб саволга савол билан жавоб берди.
—Қани уриб кўрсинлар-чи? Мен жим қараб ўтирар эканманми?
—Ҳақорат қилдими?
—Ҳа! —деди у баралла.
—Шалтоқсан! —дедилар.
—Отангиз, ё онангизни сўкдими?
—Нега сўкар эканлар? У яна саволга савол билан жавоб қайтара бошлади.
—Нима ҳаққи бор ота-онамни ҳақорат қилишга.?
Умрихон,негадир тўғрига  қараб гапирди.
—Бир келинчакни биламан; қўлидан келмаган хунари йўқ эди. Институтларни битирган, ўзини ўзи эплар, уйни ҳам ишни ҳам тиндирарди. Шугинани эри тинимсиз ҳақорат қилиб, калтаклар эди, бир куни жоним ачиганидан "Ўзингга раҳминг келсин,  ажраш", дебман, у бўлса " Бундай деманг, болаларимга раҳмингиз келсин! "—деди. Тилимни тишлаганман. Мана ҳозир қариганда биб-бинойидек ўтиришибди. Аллоҳ инсонга тоқатидан ортиқ нарсани бермайди. Ана, гематология марказига боринг, навбатни кўрасиз. Бир кунда беш юзта одам навбат олади. Ёп-ёш болаларнинг тап-тақир бошини кўриб юрагингиз эзилиб кетади. Боласини бағрига босиб истиғфор айтиб ўтирган оналарнинг хавотирини бир кўринг. Дўхтир бир оғиз яхши гап айтармикан, кейинги ойда яна боламни бағримга босиб ўтириш насиб қилармикан деган умидда оч-наҳор шифокор қабулида навбат кутадилар. Ўшалар ҳам сиздек аёл. Улар эридан айлантиришни сўрамайди, худодан  фарзандига шифо сўрайди.
Шу аёллар ҳам Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор. Сизники тўқликка шўхлик. Эрингиз олиб бориши шартми, болани кўтариб ўзингиз айланиб келинг. Биров мушугингизни пишт демаса! Ўзингиз хон—кўланкангиз майдон бўлса.
Ҳозир бувингиз, ойингиз билан уйингизга борсак, уялиб қолмайсизми? Ҳаммаёқ чинни-чироқми? Ўғлимиз қўлидан келганича ўзи нима еса едириб, кийса, кийдириб ўтирибди. Сиз унга нима бердингиз? Бу дунё шунақа. Хатто эр-хотинлар ўртасида ҳам ҳисоб-китоб бор! Аввал ўзингизга бир савол беринг! Шу йигитга нима бердим деб.

Лола оғзини жуфтлаган эди бувиси йўл қўймади.
—Сен қиз бизни жуда уятга қўйдинг. Қани, ўрнингдан туриб, нарсаларингни йиғиштир

Феруза Салходжаева

Давоми бор!
❤138👍24👏18🔥9😁4😢1