ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ: пост #83895 — TG.ME

Келин қизим

2—қисм

Лола хонасига кирди-ю бошига ёпилган рўмолни юлқиб олиб диванга ташлади. Кейин эшик олдида турган холасига қаради.
—Сан қиз одамни номусга ўлдирдинг, машинага бало борми? Ўзинг тўртта кўрпачасиз иккита қўлингни бурнингга тиқиб кириб боряпсан бировнинг уйига. Олиб келган нарсасига кўнавер, шукр қилиб. Бизга биров маҳр берибдими?
Лола ёш бўлса ҳам гап қарз бўлиб қоладиганлар хилидан эмас.
—Сизлар саводсиз, илмсиз бўлсангиз, биз ҳам шундай бўлишимиз керакми? Ҳозир ҳамма— шу. Эпласа, уйлансин!
Дилшоданинг жаҳли чиқиб кетди.
—Йигирма бир яшар йигит ўзида йўқ машинани сенга қаердан олиб беради? Ота-онаси йилига тўй қилади. Уй-жойини энди эпақага келтирди ўзи. Булар-ку эплади. Ўғли ўттизга кириб уйлантира олмаётганлар қанча? Мана тилла комплект олиб келибди-ку, маҳрсиз қолмадинг-ку...
Унинг гапи чала қолди. Уйга Лоланинг аммаси кириб келганди. У бақ-бақалоқ, сочлари калта кесилган, эркакшода аёл.
—Нима жанжал, нимага бақиряпсиз? Овози ҳам дўриллаб чиқарди Рихсининг.
Дилшода "Ҳеч гап" дегандек ҳовлига чиқиб кетди.
—Холанг нима деяпди? —деди аммаси қўлидаги бир кафт хандон пистани чақиб, пўчоқларини дераза токчасига қўяр экан
—Маҳрга машина сўрагандим, шунга жаҳллари чиқяпди.
Рихси хо-хо-лаб кулиб юборди, кейин кафтларини бир-бирига ишқаб писта юқини туширган бўлдида, лапанглаб ўрнидан турди, эринмай бориб, жиянининг елкасига қоқди.
—Боплабсан! Ўзимниг жиянимсанда! Тўғри қибсан. Маладес, энди шу гапингда тур! —деб чиқиб кетди.

Тўйга икки кун қолгани учун бир маҳаллада турадиган қариндош-уруғлар жам бўлган, Дилшода оғзини очмаган бўлса ҳам маҳр ҳақидаги гап ҳамманинг қулоғига етиб борган эди.
Биров кулди, бировнинг энсаси қотди, фақат Шафоат холагина неварасини енгил койиди.
—Боламисан деб, машинани нима қилар экан. Аввал хизматини қилсин, бир-иккита болалик бўлсин, кейин нима хоҳласа сўрайвермайдими? Қуруқ келмабди, имкони даражасида иззатини билиб тилла келтирибди, аҳмоқ қиз индамай олиб қолавер. Йигит томонга қийин бўлиб кетди. Ўқиб, уй-жой қуриб, уни таъмирлаб, ичини тўлдириб уйланаман дегунча ўттизга кириб қоляпди. Қуда томон эртароқ ҳаракат қилибди, майли, мавриди билан машина ҳам олиб берар...

***

Исмоил Лолани илк кўрганидаёқ ёқтириб қолганди. Шу пайтгача қиз бола билан гаплашиб кўрмагани учунми, ёки ўзи чинданам чиройлимиди, ҳар ҳолда бир кўришда юраги жизиллаб кетди.
Ҳозир ҳам имкони бўлганда унга жон деб машина совға қилган бўларди, аммо ҳали бир сўм пул топиб, рўзғорга қўшгани йўқ, бунинг устига шароити ўзига маълум.
У остонадан кириши билан онасига дуч келди. Кулиб келарди онаизор. Онасининг қучишини билиб, эгилди.. Елкасига қоқиб юзидан ўпди онаси.
—Ўзим ўргилай, ёринг муборак бўлсин. Илоҳим қўша қариб, бахтли ҳаёт кечиринглар.
Исмоил астойдил дуо қилаётган онасининг юзидан ўпиб қўйди. Тутун иси келарди волидасидан.
—Раҳмат, ойи.
Ҳовли-жойлар тартибга келтирилган, уйлар ярақлаб турарди.
—Эсим қурсин, тандирда нон бор эди, —деди ойиси.
—Ўртоғингни опкир, чой ичинглар, —деди тандир қошига кетиб борар экан.
Муяссара озғингина, ҳаракатлари чаққон, жонсарак аёл. Тиним билмайди. Унинг заҳмати ўлароқ гулзор орасида ҳам, полизда ҳам бирорта бегона ўт кўринмайди. Икки маҳал қозон осиб, эртадан кечгача томорқа, уй юмушлари билан чарчамайдиган аёл келин оламан деб учиб-қўниб юрар, оиласига келиб қўшилаётган янги инсонни қандай бўлишини хаёлан тасаввур қилар, ич-ичидан энг меҳрибон қайнона, балки она бўлишни дилига тугар, кун санаб тўй кунини кутарди.
Ўғлининг кўркам юзига, келишган бўй-бастига қараб ич-ичидан қувонар, ҳар замон— ҳар замонда "Аллоҳ ёмон кўзлардан асрасин," дея дуо қилиб қўяр эди.
Ҳозир ҳам одати бўйича тандирдан чиқаётган ҳар бир нонни меҳр билан "Бисмиллаҳ" деб узар, ўчоқ устидаги сават тобора тўлиб борар, атрофни ноннинг бетакрор, хушбўй иси тутиб кетган эди.



Феруза Салходжаева
❤85🔥7😢7👏3🤔3