Ожиза аёллар 16—қисм Моҳларойим ҳикояси Турмуш ўртоғим шу кетганча… — ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ — TG.ME

Ожиза аёллар

16—қисм

Моҳларойим ҳикояси

Турмуш ўртоғим шу кетганча икки ой деганда кириб келди. Унгача баҳор келганди. Йўлига термулиб кўзим тешилаёзди. Ака-укалар озиб-тўзиб, бир аҳволда қайтиб келди.

Назарнинг бошидан кечиргани бир тарих. Ёмон, эсласа юракни эсадиган ғашлик.
Маълум бўлишича, Назар қарзга пул олиб онлайн қиморга тиккан, кейин уни икки баробар қилиб ютқазиб қўйган. Қолган воқеалар аввал сўзлаб берганим каби.

Турмуш ўртоғим борганида унга укасининг тирик қолишига умид йўқлигини айтганлар. Аммо ака-укалар унинг барча қарзларини тўлаб, ўзини амаллаб Қозоғистонга олиб келганлар. Қолган пулга Назарни баҳоли қудрат даволатиб, ёш болаларнинг таглигини кийдириб, машинага солиб, йўл бўйи осма уколини назорат қилиб борганлар. Ҳаёт учун бўлган курашда ғолиб чиққан жигарлар уйга зўрға етиб келганди.

Эрим уч кун тинимсиз ухлади. Ўрнидан туриб овқат еган бўлади, яна ухлайди. Бизникилар уйқуга тўйиб ўзига келди, аммо
Назарнинг соғлиғи, тезда яхши бўлмади.

Яна баҳор келди, қалдирғочлар болалади, Менинг баҳорим яна келмади. Дарахтда ёлғиз қолган баргдек омонат титраб турар, умримнинг кузида қолиб кетгандим.

Йиллар ўтиб бораётган, ҳаётим оқар сувлар мисоли ортга қайтмаётган эди.

Ариқ бўйида ялпиз қулоқ чиқарибди. Майсалар бир текис бош кўтарди.
Қуёш нурлари танага хуш ёқиб қолди, аммо кўнглимни алам, изтироб эгаллаб борарди.

Назар аста-секин оёққа турди. Ажалнинг оғзидан қайтиб келган йигит ҳар икки гапнинг бирида акаларидан миннатдор эканини айтар, тилидан тавба тушмасди.
У ётган жойида ҳам, юрган йўлида ҳам истиғфор айтар, кундан кун соғайиб борарди.

—Дадаси, —дедим бир куни Аброр акамга.
—Сиз мени яхши кўрмайсиз...
—Яхши кўрмасам, яшармидим, —деди у. Кўзимга ёш келди.
—Бола кўтаргим келяпди, бағримга босгим келяпди. Бўғзимга тиқилган йиғини зўрға қайтардим.
—Мен ҳам она бўлармикинман!? Кутишдан чарчадим, сабрим қолмади. Инграб юбордим. Эрим бағрига босиб, бошимни силади. Қанча турдик,билмайман, бошимни кўтарганимда кўзим устунга суянганча қимирламай турган Назарга тушди. Ўзимни тортдим. Қайним юзини буриб, нари кетди. Афтидан, дарвозадан кириб келган-у бизни бу ҳолатда кўриб тўхтаб қолганди. У

Кўз ёшимни артиб, ошхона томонга ўтиб кетдим.

Куз келди. Ҳаётдан кўнглим совуб кетган, умидсизликка тушиб юрган кунларимнинг бири эди.
Ўша куни кечки таомни дастурхонга тортгандим. Аччиқ-чучукларни тайёрлаб, энди овқат сузаётган эдим, эшикдан Назар билан овсиним кириб келаётганига кўзим тушди. Қайин укам юзлари тиниқлашиб, бироз тўлишиб, яна ўз ҳолига қайтиб қолганди.. Қайнота қайнонам, эрим ва меҳмонларимиз хонтахта атрофидан жой олди.
Назаримда, Назар ҳам, овсиним ҳаяжонланаётгандек эди.
Дадажон энди овқатга қўл узатмоқчи эди қайин укам гап бошлаб қолди.
— Дада, ойи, ака, келинойи, сизларга айтадиган хушхабаримиз бор. Кейин бир хўрсиниб гап бошлади.
—Аллоҳ бизни яна бир бор сийлади, яна фарзанд кутяпмиз.
Ичимда бир нарса "чирт" этиб узилиб кетди. Бир одамга тўрт фарзанд, биз бўлса тирноққа зормиз. Қулоғимга "тиқир-тиқир" қилиб столга урилаётган овоз эшитила бошлади. Ҳамма менга тикилиб қолганидан ҳушимни йиғиб қарасам, қалтираётганимдан қўлимдаги қошиқ столга урилаётган экан.
Уятдан қизариб кетдим. Дарҳол қўлимни тортиб, бошимни эгиб олдим.
Қайин укам ҳамон ҳаяжонланиб гапирарди.
—Шу фарзандимизни ўғил бўлса, ҳам, қиз бўлса ҳам акамга берсак, дегандик. Келинойим ҳам акам ҳам олийжаноб одамлар, биз ишонамиз, мана шу боламиз энг бахтли бола бўларди ва энг яхши ота-онанинг қўлида тарбия топади.
—Ё, Аллоҳим, наҳотки, мен ҳам она бўлсам! Ўзингга шукур! Додлаб йиғлаб юбордим. Овозимнинг борича йиғлар эдим.
Овсиним келиб қучоқлаб олди. Қайним эримни бағрига босди.

Назаримда, ўзим ҳомиладор бўлгандек эдим. Тўққиз ой ҳар куни овсинимдан, тўғрироғи, боламдан хабар олдим. Ҳар куни. Касал бўлса, қўшилиб оғридим, тузалса, иситмадан ҳалос бўлган одамдек енгил тортдим. Ва ниҳоят, апрелнинг охирида овсинимда дард бошланди.

Оғриқ аввал белимда бошланди, кейин жисмимга тарқалди. Мени ҳам дард тутаётган эди.

Давоми бор

Феруза Салходжаева
❤81😢12👏5🔥4
August 26, 2026 2.8K 4