ҚУЛУПНАЙЧИЛИК — УЧҚЎРҒОН ИҚТИСОДИЁТИНИНГ ЯНГИ ДРАЙВЕР СОҲАСИ
Учқўрғон туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бугунги кунда қулупнайчилик туман иқтисодиётининг муҳим драйвер соҳаларидан бирига айланиб бормоқда.
Ҳозирда туманда қарийб 3000 гектар майдонда 20 дан ортиқ қулупнай нави парваришланмоқда. Бу нафақат ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш, балки экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Соҳада инновацион ёндашувларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Қозоқовул маҳалласида лойиҳа қиймати 36 миллиард сўм бўлган, 10,5 гектар майдонни қамраб олган гидропоника мажмуаси ҳамда замонавий экобозор қурилиши давом этмоқда. Ушбу лойиҳа ишга тушгач, юқори ҳосилдорликка эришиш, маҳсулот сифатини янада яхшилаш ва экспорт географиясини кенгайтириш имкониятлари ортади.
Бу борада ташаббускор тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, тадбиркор Дилмурод Ибрагимов томонидан 4 гектар майдонда ҳорижий селекцияга мансуб экспортбоп ва юқори ҳосилдор «Прима», «Сёлан», «Алба» ҳамда «Азия» навлари етиштирилмоқда. Бу навлар ташқи бозорларда юқори талабга эга бўлиб, туманнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, қулупнайчилик фақат қишлоқ хўжалиги соҳаси сифатида эмас, балки экотуризмни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида ҳам қаралмоқда. Қулупнай плантациялари, гидропоника комплекслари ва замонавий экобозорлар келажакда маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун жозибадор манзилга айланиши мумкин. Бу эса қўшимча хизмат кўрсатиш тармоқларининг ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва ҳудуд иқтисодиётига қўшимча даромад кириб келишини таъминлайди.
Учқўрғонда қулупнайчилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар туманнинг аграр салоҳиятини янада юксалтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва экотуризмни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
2
2August 29, 2026 3.3K 4