#маҳр
ЭРНИНГ РОЗИЛИГИ МАҲР ЎРНИГА ЎТАДИМИ?
CАВОЛ: Аёл киши турмушга чиқаётганида бўлажак эрига: “Мендан рози бўлишингизни ўзи менга маҳр учун етарли, бошқа маҳр керакмас” деса, кейин эр ўзининг розилигини маҳр сифатида берса, шу шариатимизда жоиз бўладими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. «Маҳр» никоҳ ақди тузилганидан кейин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган нарсанинг номидир. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَة
"Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг" (4-оят).
Никоҳ ақди амалга ошиши билан маҳр бериш эрга вожиб бўлади. Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ", – дедилар" (Имом Дорақутний ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар).
Бевосита саволга келсак, маҳр моддий қийматга эга бўлган нарсани бериш билан амалга ошади. “Эрнинг розилиги” каби маънавий нарсалар маҳр бўлмайди. Маҳр – кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф қиймати ўн дирҳамдан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса ҳам, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
@IslomMoliyasi
Қўшимча изоҳлар:
1. уйланаётган йигит ёш бўлиб (масалан 18-19 ёш) уни ота-онаси уйлантираётган бўлса ҳам, куёв бўлаётган йигитчага маҳрни уни ўзи ишлаб топган маблағдан бўлишини унга тушунтириш ва шундай бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқ, шунда у масъулиятни ҳис қилади, сал нарсага аёлига талоқ бериб юборавермайди. Зеро, инсон ўзи харажат қилиб эришган натижани қадрига кўпроқ етади;
2. маҳрни кам беришга ҳаракат қилиш керак эмас, балки чин дилдан, яхши ният билан ўша уйланилаётган қизнинг опа-сингиллари, аммалари, аммаларининг қизлари (яъни, отасининг қавми)га қанча маҳр берилган бўлса шунча маҳр бериш тўғри бўлади. Бу "маҳри мисл", яъни бошқаларнинг маҳрига тенглаштирилган маҳр, деб аталади. "Маҳри мисл"да (қиёсланадиган) икки қиз/аёл ёш, чирой, мол, ақл, дин, илм, одоб ва чиройли хулқда баробар бўлиши эътиборга олинади". ("Мухтасарул Қудурий", "Лубоб фи шарҳил китоб" китоби Никоҳ боби).