ҲАСАН БАСРИЙНИНГ ОНАСИ Кўплаб шайхларга пешволик қилган, замонасининг… — Basriya — TG.ME

ҲАСАН БАСРИЙНИНГ ОНАСИ

Кўплаб шайхларга пешволик қилган, замонасининг аксарият арбобларини ақлу заковати билан лол қолдирган машойихлардан бири Ҳасан Басрийдир.

Ҳасан Басрий Мадинада, Умму Салама онамизнинг озод этилган чўрилари хонадонида 22/642 йилда таваллуд топган. Унинг отаси саҳоба Зайд ибн Собитнинг озод этилган қули Ясор эди. Унинг исмини Умму Салама Ҳасан деб қўйган. Ҳаттоки Ҳасан Басрийга чақалоқлигида Умму Салама эмиздирган.

Ҳасан Басрийнинг илм-у ҳикмат ва саодатга мушарраф бўлгани Умму Саламани эмгани ҳамда болалик чоғида Ҳазрати Пайғамбарнинг унинг ҳаққига қилган дуолари шарофатидандир.

Ҳасан Басрий тарбияси билан Умму Салама онамиз шуғулланган. Ҳасан Басрийнинг камолотида Ҳазрат Алининг ваъз-иршодлари, ҳикматлари, шахсий ибратлари муҳим аҳамиятга эга бўлган.

37/657 йилда Ҳасан Басрий 14 ёшга етганида оиласи Басрага кўчиб кетади. Бу ерда Абдуллоҳ ибн Аббосдан тафсир, ҳадис, қироат илмларини ўрганган. Басра илм-маърифат ва маданият марказига айланган ва кўплаб илм ҳалқалари фаолият кўрсатган. Ҳасан Басрий замонидаги барча илмларни ўзлаштирган, забардаст фиқҳ донишманди даражасига етган. Халқ наздида ваъз айтиб, «Ҳасан Басрий» номи билан шуҳрат қозонган.

Хосу ом унинг маърузаларини мароқ билан тинглаб, ҳикматларини ёд олишган. Ҳасан умр бўйи мўминларни маърифатга, золимларни адолатга ҳидоят этган. Робиъа Адавия, Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрийнинг дуосини олган, унинг қўлидан хирқа кийишган. У кишининг ҳикматли сўзлари ва кашфу кароматлари тазкира ва маноқиблардан жой олган.

Ҳасан Басрий халифа Умар ибн Абдулазиз (ваф. 102/720 й.) даврида Басрада қозилик қилган. Ҳасан Басрийнинг обрўси шу даражада бўлганки, илоҳиёт олимлари унинг атрофида жам бўлишган. Ҳасан Басрийнинг умавийлар давлатининг барқарорлиги йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Ҳасан Басрий мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлган.

У кишининг шундай бўлиб етишишига нима сабаб бўлган? Бу ҳақида Ҳасан Басрий ўзлари айтади:

«Бир куни онам мендан сўради: “Биласанми, эй Ҳасан, нима сени Ҳасан (яхши, чиройли) қилди?” Мен: “Нега?” — дедим. Онам: “Худо ҳаққи, мен сени фақат таҳоратли ҳолда эмизганман”, — деди.

Оиша онамиз у кишининг сўзларини эшитиб: “Сўзи пайғамбарларнинг сўзига ўхшайдиган бу ким экан?” — деган».

«Она» — бу ягона сўзки, қитъаларни кесиб ўтади, барча тилларда бир бўлган, бегубор лабларда худди ёввойи гуллар янглиғ табиий тарзда очилади. Бу сўз покликка бурканади, муҳаббат билан тўлади, меҳрга ўралади. Онанинг бағри Шарқ ва Ғарб орасидан ҳам кенгроқ. У бағрига боласини босганда, боласи гўё унинг вужудининг бир бўлагига айланади. Барча масофалар қисқариб, чегаралар йўқолади.

Она боласига сут берганда ҳам, фақат сут эмас, балки ўзининг руҳидан бир қисмини қўшиб беради. Шу боис у сут билан бирга покиза нафас беради, фойдали илм боғлари ва юксак ахлоқ гуллари унда кўкариб-яшнайди. Гўё бир кун майин ёмғир ёғиб, ерни суғорганидек, у ҳам барака ва гўзал натижалар беради.

Онанинг ҳиди ҳам боланинг шаклланишига ёрдам беради, унинг меҳрибон қарашлари умид уруғларини экиб, унинг қалбида униб чиқишига сабаб бўлади. Онанинг ўпичлари, овозсиз гапирувчи табассумли лаблари фақат боласи тушунадиган тил билан куйлайди:

«Мен сени яхши кўраман».

Устозимдан.
8❤85❤‍🔥21💯18🕊12💘4
September 27, 2026 2K 36