Йўл қурилишида инсон омилини камайтириш — сифат ва хавфсизлик сари муҳим қадам.
Бугунги кунда автомобиль йўлларини қуришда замонавий техника ва рақамли технологиялардан фойдаланиш фақат меҳнат унумдорлигини ошириш воситаси эмас, балки қурилиш сифатини таъминлашнинг асосий шартларидан бирига айланмоқда. Айниқса, қурилиш жараёнларида инсон омилини камайтириш, техникаларни автоматлаштирилган ва ҳайдовчисиз бошқарув тизимларига ўтказиш жаҳон йўл қурилиш соҳасининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Анъанавий қурилиш жараёнида натижа кўп жиҳатдан механизаторнинг малакаси, диққати, иш тажрибаси ва жисмоний ҳолатига боғлиқ бўлади. Узоқ вақт ишлаш, юқори ҳарорат, чанг, шовқин, тунги смена ва бир хил ҳаракатларни такрорлаш ҳайдовчининг чарчашига олиб келади. Бу эса техниканинг белгиланган йўналишдан оғиши, тезликнинг ўзгариши, зичлаш ўтишлари сонининг етарли бўлмаслиги ёки қоплама қалинлигида фарқлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳайдовчисиз техника эса олдиндан белгиланган рақамли топшириқ асосида ишлайди. Техниканинг ҳаракат йўналиши, тезлиги, асфальт ётқизиш кенглиги, зичлаш ўтишлари сони, валецларнинг устма-уст тушиш масофаси ва бошқа технологик кўрсаткичлар дастур орқали белгиланади. GNSS/RTK навигацияси, лазерли сканерлар, камералар, LiDAR, ҳарорат датчиклари ва 3D рақамли моделлар техника ҳаракатини юқори аниқликда бошқариш имконини беради.
Амалдаги ютуқлар
Хитойнинг SANY компанияси ҳайдовчисиз йўл-қурилиш техникаларини амалиётга жорий этиш бўйича сезиларли натижаларга эришмоқда. 2021 йилда компаниянинг иккита асфальт ётқизгич ва бешта турли турдаги катокдан иборат еттита техникаси цемент билан мустаҳкамланган қатламни ётқизиш ва зичлаш ишларини ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда бажарган. Техникалар учун ҳаракат йўналиши, иш тезлиги, зичлаш сони ва устма-уст ўтиш кенглиги олдиндан белгиланган. Асфальт ётқизгичлардаги 3D текислаш ва инфрақизил ҳарорат назорати тизимлари қатлам қалинлиги ҳамда ҳароратини доимий равишда кузатиб борган.
SANY маълумотига кўра, компания 2019 йилда ҳайдовчисиз йўл техникаларининг биринчи авлодини ишлаб чиққан бўлса, бугунги кунга келиб мазкур тизим учинчи авлодга етказилган. Замонавий комплекс тўсиқларни LiDAR ва видеокамералар орқали аниқлайди, ҳаракат йўналишини автоматик равишда ўзгартиради ва зичлаш режимини қурилиш майдонидаги шароитга мослаштиради. Компаниянинг маълум қилишича, бу технологиялар қурилиш майдонидаги ишчилар сонини 60 фоиздан ортиқ камайтириш, қоплама текислигини юқори даражада таъминлаш ва чегарадан оғишларни бартараф этиш имконини берган. Мазкур ҳайдовчисиз комплекс Хитойдаги 50 дан ортиқ лойиҳада қўлланилган.
2025 йилда Пекин–Харбин тезюрар автомобиль йўлида ҳайдовчисиз асфальт ётқизгичлар ва катоклардан иборат комплекс қўлланилиб, ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, қурилиш самарадорлиги 20 фоизга оширилган.
Автоном техникаларнинг самарадорлиги фақат асфальт ётқизиш ва зичлаш ишлари билан чекланмайди. Улар грунт ишлари, материал ташиш, карьерларда ишлаш, йўл асосини текислаш ва зичлаш жараёнларида ҳам кенг қўлланилмоқда
Ҳайдовчисиз техникаларнинг асосий афзалликлари
Ҳайдовчисиз техникадан фойдаланиш натижасида қурилиш жараёнида қуйидаги ижобий натижаларга эришиш мумкин:
— қурилиш майдонида инсон иштирокини ва бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтириш;
— белгиланган технологик тезликни доимий сақлаш;
— асфальт қатламини бир хил қалинликда ётқизиш;
— катокларнинг ҳар бир нуқтадан белгиланган марта ўтишини таъминлаш;
— зичланмай қолган ёки ортиқча зичланган ҳудудларни камайтириш;
— техникаларнинг бекор туриб қолиши ва ёқилғи сарфини қисқартириш;
— бажарилган ишларнинг барча кўрсаткичларини электрон тарзда сақлаш;
— сифат назоратида субъектив баҳолашни камайтириш;
— қурилиш ишларини тунги вақтда ва мураккаб иқлим шароитларида хавфсиз ташкил этиш.
Автоматлаштириш инсонни қурилиш жараёнидан бутунлай чиқариб ташлашни англатмайди. Аксинча, механизаторнинг вазифаси техникани бевосита бошқаришдан унинг ишини назорат қилиш, дастурлаш ва технологик жараённи бошқаришга ўзгаради. Шу сабабли янги авлод механизаторлари билан бир қаторда рақамли техника операторлари, дастурчилар, диагностика мутахассислари ва автоматлаштирилган тизим муҳандисларини тайёрлаш талаб этилади. Энг замонавий автоном тизимлар ҳам малакали муҳандислар, техник ходимлар ва самарали бошқарув тизимига таянади.
Хулоса
Йўл қурилишида инсон омилини камайтириш — бу шунчаки ҳайдовчини техника кабинасидан олиб ташлаш эмас. Бу қурилиш жараёнини рақамлаштириш, сифатни доимий назорат қилиш, хавфсизликни ошириш ва ҳар бир бажарилган иш учун аниқ маълумотлар базасини шакллантиришдир.
Ҳайдовчисиз техника ишни инсондан тезроқ бажариши мумкин, аммо энг муҳими — у белгиланган технологик талабларни ҳар бир сменада бир хил аниқликда такрорлайди. Шу жиҳатдан, автоном ва ақлли техникаларни жорий этиш Ўзбекистонда автомобиль йўлларини қуриш сифатини ошириш, қурилиш муддатини қисқартириш ва йўлларнинг хизмат муддатини узайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Келажак йўл қурилиши — инсон тажрибаси, муҳандислик билими ва ақлли техникаларнинг ўзаро ҳамкорлигига асосланади.