Ўқувчилар тоифалари ва улар билан ишлашда
дифференциал ёндашув
Устоз деган баланд мақомимиз ўқувчиларни шунчаки “буниси бўлади, наригиси бўлмайди” тарзида тоифаларга ажратиб ташлашга йўл қўймайди.
Тафаккуримиз “Бунисининг шундай томони бор экан, энди нима қиласан, наригисида бошқача хислат бор экан, бунга қандай ёндашасан?” кабилида ишлайди.
Шу саволга жавоб топишда балки қуйида ўқувчилар тоифалари ва уларга нисбатан таълим-тарбияда индивидуал ёндашув бўйича фанда, педагогик амалиётда тўпланган айрим тажрибалар асқотиши мумкин.
Аслида ҳар қайси озми-кўпми педагогик тажрибага эга устоз беихтиёр ўқувчиларни маълум гуруҳларга хаёлан ажратиб олади.
Биров оддийгина иккичи, ўртаҳол, аълочи, деб бўлиб олади, кимдир синфдаги роллардан келиб чиқиб, лидер, аутсайдер, синф гўзали, аскиячи, ботаник (яъни ўта интизомли аълочи), пахан (жисмоний кучли) болаларни ажратади.
Баъзилар ўқувчиларнинг шахсиятига асосланиб, “тепса тебранмас”, “хаяжонланувчи”, “эргашувчан”, “сергап”, “исёнкор”, “билағон”, “ўқитувчи орзуси” каби тоифаларни кўради.
Албатта, бундай оддий, яъни кўриниб турган аломатларга асосланган таснифлар бўйича ҳам ўқувчилар билан ишлашда ўзаро фарқли ёндашувлар танланиши мақсадга мувофиқ.
Масалан, ўғил болаларга хатосини қисқа ва аниқ баён этиш, қизларга аксинча, деталлаштириб тушунтириб ўтиш тавсия этилади.
Шу қаторда характерига кўра, ўқувчилар орасида энг кўп учрайдиган гуруҳлар билан ишлашда қуйидаги тавсиялар келтирилади:
1) хавотирланувчи ўқувчилар: мулоқотни сокин, паст оҳангда олиб бориш, ўзига берадиган баҳони кўтарувчи усуллардан фойдаланиш, муваффақиятли ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш, дўндириб бажарадиган ишларига урғу бериш, муҳимни номуҳидан ажратиб, майда-чуйдага куйинмасликка ўргатиш, айб ишлар учун жазони кечиктирмай шу пайтнинг ўзида қўллаш, мусобақалаштирувчи жараёнларга жалб этмаслик, бошқалар билан қиёсламаслик;
2) жиззаки ўқувчилар: гуруҳда доимий равишда масъулиятли вазифаси бўлишини таъминлаш, қилмишларини фақат тўлиқ “ховуридан тушгач” муҳокама этиш, мулоқотни тенглик мақомида қуриш, белгиланган чегараларда ташаббус кўрсатишга имконият бериш, суҳбатда жаргон, норасмий сўзлардан фойдаланмаслик, яхши баҳо олишга шароит яратиш, баҳони эълон қилишда дўстона изоҳлар бериш, бола ўзининг устунликка интилиш истагини қондириб олишига имкон берувчи топшириқлани танлаш, ортиқча жисмоний энергияни чиқариб юборувчи фаолият турлари (спорт, меҳнат, сафар) га урғу бериш;
3) кўргазмали хулқ-атворли ўқувчилар:ҳиссиётларга эрк бериб, мақсадга эришмоқчи бўлган вазиятларни эътиборсиз қолдириш, оқилона ёндашганда рағбат бериш, мустақил қарор қабул қилиш ва шунга яраша ўз ҳаракатларига ўзи жавоб беришини бот-бот таъқидлаш, бошқалар орасида ажралиб туриш имконини берувчи вазифалар топшириш, шахсини эмас, ҳаракати, қилиғини танқид қилиш (танқидни тез-тез эмас, уч-тўрт қилмишга битта танқид ёки жазо), тенг кучли ёки устунроқ синфдошлар гуруҳларида ишлатиш, жадал ўқув фаолияти, топшириқлар хилма хиллигини таъминлаш, мулоқотда бўлиш учун кенг имконият бериш;
4) бетоқат ўқувчилар: сабрда ўрнак бўладиган ўқувчи олдига ўтказиш, топшириқларни қисмларга ажратиб бериш, вазифани топширишга шай бўлиб турганда қайта текшириб олиш учун яна беш дақиқа бериш, ўқувчининг жавобига фақат ўзимиз чақирганда ёки қўлини кўтарганда эътибор қаратиш, туриб юриш имконини берувчи дастёрчилик ишларини таклиф этиш, топшириқлар орасида танаффуслар бериб туриш;
5) яккаланувчан ўқувчилар: болага, унинг ҳаёти, қизиқишлари ва ғояларига самимий қизиқишни намоён этиш, гуруҳий ишга фақат ўқувчининг ўзи тайёрлигини билдирганда қўшиш, бошқа болалар билан мулоқотдаги ҳар қандай муваффақиятни алоҳида эътироф қилиш, муносабатдаги ноқулайликни сусайтирувчи усуллар (ҳазил-мутойиба, шахсий ҳаётдан мисоллар айтиш) ни қўллаш, ёрдамини таклиф этса, рад этмаслик, жамоага тегишли эканликни ҳис қилдириш, топшириқни бажаришда ўз қизиқиш ва хоҳишларига монанд йўл танлаш имконини бериш.
Давоми иккинчи сонда
@Ustoz_kundaligi