Қӯллайдиганимиз “бошқарув” калимаси замонавий сӯзлардан бири. Ҳа… — neo-transcendentalist — TG.ME


Қӯллайдиганимиз “бошқарув” калимаси замонавий сӯзлардан бири. Ҳа, тарихчи, турколог олимлар буни кӯҳна туркча луғатдан келганини айтишлари мумкин. “Бош” сӯзи бизга бегона бӯлмай, истифодада юзбоши, мингбоши деган иборалар бӯлган. Аммо, назарда тутаётганим унинг қӯлланилиши борасида. Қадимги лафзлар одато асл ҳолига бироз шакл берилиб, сӯнгра, янги тусда татбиқ этилади. Исломдан кейинги даврларда бизнинг давлат бошқарувида “Тадбир ва Тадвир” калималари кӯлланилган. Тадбир сӯзига алоҳида тӯхталамиз. Ҳозир эса, Тадвир сӯзининг аслиятига қараб таҳлил қилайлик.
“Тадвир” сӯзи – арабча, “даваро” ӯзагидан келиб чиққан бӯлиб, айланиш, айлантириш, доира, айлана деган маъноларни беради. Биз айни замонимизда ҳам бирор ташкилот иш юритувчисига “мудир” деймиз. Яъни ишни юритувчи, ишни айлантириб ҳарактлантирувчи одамга нисбатан фойдаланилади. Ёки бошқарув сӯзининг муқобили сифатида “идора этмоқ” феълини ишлатамиз. Бу ҳам “доира” сӯзи билан бир илдиздан бӯлиб, ишни бошқариш, юритиш ва уни айлантириб туриш маъноларини беради. “Доира” сӯзи айланма шакл эканлигига тӯхталишимиз шарт эмас, менимча. Маъбадлар (ибодатхоналар) ва масжидлардаги қубба, гумбазлар доира шаклида эканлиги унинг илоҳийлик билан боғлиқ символика эканини аввал ҳам айтган эдим. “Тадвир” сӯзи ҳам айлантириш, маълум сикл ичида ҳаракатлантириб туриш ва давр эттириш маъноларини бизга очиқлайди. Умуман олганда “давр” сӯзи ва “даврийлик” тушунчаси ҳам шу қарашлар билан бевосита алоқадор. Фикри ожизимча, бу давлатнинг бошқарувига традитсионалистик қараш билан боғлиқ тасаввур бӯлиб, ушбу консепт аждодларга хизмат қилган тушунчалардан биридир.

Маълум даврлардаги давлат бошқаруви ё сиёсат билан боғлиқ тушунчалар, уларнинг символик маънолари луғатларга кӯчганини ҳам кузатишимиз мумкин экан. Бундан келиб чиқиб баъзан лисонни ҳам кӯриб чиқиш талаб этилар экан. Ӯз давримизда буни инсонлар фарқли маъноларда тушунишлари мумкиндир, аммо, бу кейинги даврлар учун аҳамиятсиз бӯлиб қолаверади. Биздан сӯнгра келган инсонлар жамоати калималарнинг асл маъносига йӯналиш олади ва лисондаги қусурлар ӯз моҳиятини сақлаб қолаверади.
🔥2
August 23, 2026 175 2