Келин қизим
21-қисм
Қиш келди. Бўралаб-бўралаб қорлар ёғди. Кунлар бирдан совуб кетди. Дарахтлар қорнинг залворини кўтара олмай қаддини букиб қолди. Исмоил тақдирнинг ҳукмига кўнди. Вақт ҳамма дардга даво бўла олади. У баъзан каталакдек квартирасида, баъзан ота-онасининг уйида яшаб юрар экан қизчаси кўз олдидан ўтиб қолар, соғинч ўртаб, бориб кўриб келар, сўнг кўзига жавдираб турган қайнонасига болани топшириб, индамай ортига қайтарди. Кейин бор аламини меҳнатдан оладиган бўлди. Жон-жаҳди билан ишлар, маоши ҳам лавозими ҳам ошиб борар, энди пули ҳам кўпайиб қолган эди. Баъзан Лолага уйланганидан пушаймон ер, кўнгли совуб кетганини ич-ичидан ҳис қилар, ёлғизлик жонидан ўтган кезлари укаси билан кўришиб келар, салгина дарди аригандек бўларди.
Йиғилган пуллари анчагина бўлиб қолган, ўзига автомашина сотиб олишни ният қилиб юрган кунлари маслаҳат, ҳам дуо олиш ниятида ота-онасининг олдига борди. Оила жам бўлиб ўтирар, фақат буваси улфатлари билан Хумсонга дам олишга кетган эди. Дадаси бувасини олиб кетган эди.
У бошини эгиб ўтирар экан, секин гап бошлади.
—Битта яхши машинага етадиган пул жамғариб қўйдим, шунга рухсат берсангизлар, укам билан машина бозорга борсам, —деди.
Муяссар қувониб кетди, Иброҳим ҳам қўллаб-қувватлади, фақат Умрихон жим ўтирар эди. У ҳамманинг фикрини тинглаб, кейин гап бошлади.
—Лоланинг талоғини берганмисан?
Исмоил шошиб қолди. Мавзу тамомила бошқа томонга ўзгариб кетганидан барча хайратда эди.
—Йўқ, ҳали, лекин у билан яшамайман буви. Суднинг охирги босқичига келдик. Қизимдан хабар олиб тураман, аммо, мени мажбурламанг!
—Унда, —деди Умрихон, —бориб талоғини бериб кел. Кейин яна бир гап. Келин маҳрга машина сўраган, сен ваъда бергансан. Машина сотиб олиб, Лолага ташлаб кел. Икки дунё бўйнингда қарз. Қиёматга қолдирма. Аввал талоғини бер, кейин машинани ташлаб кел. Мен яхши бир қиз топай, сени уйлантирайлик. Бундай юрма. Уйлансанг, пулинг бундан ҳам кўп бўлади, худо хоҳласа.
Бу таклиф гарчи ҳеч кимга ёқмаган бўлса ҳам бирор одам эътироз билдирмади.
Ҳамма ич-ичидан Лолани бу эътиборга лойиқ иш қилмаган деб ҳисоблар, аммо Аллоҳнинг ҳукми олдида ожиз турар эдилар.
—Умр жуда ҳам қисқа, бу дунё матоҳи деб чин дунёдан воз кечиш нодон одамнинг иши.
Аллоҳнинг олдида юзинг ёруғ бўлсин, болам. Илоҳим энди чин бахтинг очилиб, иймон-тавфиқли келин келсин.
Шу билан ҳамма гапга якун ясалди. Оиланинг эркаклари ҳам Умрихоннинг фикрига қўшилганларини телефон орқали маълум қилдилар..
Суд ва ниҳоят ёшларни қонуний ажратди.
Эрталабдан буён учқунлаб турган қор энди лайлакқорга айланган, кун совуб кетганди. Анчагина муддат навбат кутиб қолгани учунми, суд жуда тез ҳукм чиқаргандек бўлди. Кичкинагина кутиш йўлагида, ҳали анча одам навбатда турарди.
Суд залидан иккиси тамомила бегона бўлиб чиқар эканлар Лола одатдагидек қошини чимириб, қовоғини уюб олганди.
Иккиси икки томонга бурилар чоқда Исмоил Лолани тўхтатиб қолди.
—Нима дейсиз? Ҳаммаси тугади, энди ўзингизга мендан яхшироғини топиб олинг, —деди жувон лаби-лабига тегмай. Исмоил чурқ этмай эшитди, кейин сокин овозда
—Сени талоқ қилдим. Уч талоқсан, —деди.
—Талоғингни пишириб е, —деди Лола ғазаб билан сансираб.. Шу пайт Исмоил чўнтагидан калит олди ва уни Лолага узатди.
—Бу маҳрга сўраган машинанг. Буюрсин, —деди, кейин қўлидаги қурилмани битта босди, сигнализацияси ишлаб кетгач, оппоқ "Кобальт" норози чийиллаб қўйди.
—Пули тўлиқ тўланган, ҳужжатлари ичида, номингга ўтказиб олсанг бўлди! Юкларингни олиб кетарсан, мен уйланмоқчиман, —деди.
Лола карахт бир аҳволга тушиб қолди. Йигит унинг қўлига калитни тутқазиб, ортига қайрилмай автобус бекатига қараб кетди.
Лола қўлида калитни маҳкам тутганча қалингина курткасининг халтасига қўлини тиқиб кетаётган басавлат йигитнинг қоп-қора сочларига қўниб, кейин эриб бораётган қорларга тикилиб, ичидан нимадир узилиб кетганини ҳис қилди. У нимани бой берганини энди тушунганди
Исмоил ўзидан бир ёш кичик қизга уйланди. Аёли Фотима баракали келиб, бир йилда иккита эгиз ўғил туғиб берган бўлса, уч йилдан кейин шинам ҳовлига эга бўлдилар.
Феруза Салходжаева
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
60
7
5
3
1