Оққўрғонда хотин-қизлар тадбиркорлиги ва бандлиги масалалари… — SN - Savdo-sanoat palatasi Samarqand viloyati hududiy boshqarmasi — TG.ME

Оққўрғонда хотин-қизлар тадбиркорлиги ва бандлиги масалалари ўрганилди

👍 Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар ўрганилди.


Ўрганишларда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова иштирок этди.

Ташриф доирасида “Уста Нормат” маҳалласидаги гилам ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Корхонани кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тадбиркорга қўшимча имтиёз ва кўмак бериш, шунингдек, ишсиз хотин-қизларни янги иш ўринларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

“Бирлик” маҳалласидаги Аёллар фитнес клуби фаолияти ҳам ўрганилиб, мазкур объектдан самарали фойдаланиш, уни тадбиркор аёлларга бериш ва хотин-қизларга кўрсатиладиган хизматлар турини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Илғор касбий маҳорат техникумида аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Бугунги кунга қадар техникумда 9,5 мингдан зиёд фуқаро, жумладан, 7,7 мингдан ортиқ хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилган.

💼Ташриф якунида тадбиркор хотин-қизлар ва маҳалла “еттилиги” вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратиш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр ва таклифлар тингланди.

Асосий эътибор — хотин-қизларни тадбиркорликка янада кенг жалб этиш, уларни замонавий бизнес кўникмаларига ўқитиш, тажрибали ва муваффақиятли тадбиркорларга бириктириш орқали янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилди.

🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube
September 5, 2026 51