РИЗҚИНГИЗ БАРАКАЛИ БЎЛИШИНИ ИСТАЙСИЗМИ?
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий cоллaллoҳy алайҳи васаллам: «Сотувчи ва олувчи ажралмагунларича (ёки ажралгунларича) ихтиёрлидир. Агар рост сўзласалар ва (молнинг айбини) очиқ айтсалар, савдоларида уларга барака берилади. Агар яширсалар ва ёлғон сўзласалар, савдоларининг баракаси ўчирилади», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳадис шарҳи ва мулоҳаза:
1. Ростгўйлик – бойлик калити.
Кўпчилик кўпроқ фойда кўриш учун маҳсулотнинг айбини яширади ёки ёлғон ишлатади. Лекин ҳақиқий фойда – пулнинг кўплигида эмас, унинг баракасидадир. Тўғри сўз билан топилган озгина мол, ҳаром аралашган кўп молдан хайрлироқдир.
2. Айбни баён қилиш.
Мусулмон киши биродарига бирор нарса сотганда, унинг камчилигини айтиши вожибдир. Бу нафақат савдода, балки ҳар қандай омонатда ҳам амал қилиниши лозим бўлган қоида. Омонатдорлик бор жойда Аллоҳнинг нусрати бўлади.
3. Бараканинг ўчиши.
Ёлғон ва алдов билан топилган пул тез совурилади, уйдан хотиржамликни олиб кетади ва эгасига фақат чарчоқ келтиради. Савдонинг баракаси ўчиши – ўша молнинг охиратда азоб, дунёда эса мусибат бўлишидир.
Ризқни Аллоҳ беради. Бизнинг вазифамиз – уни ҳалол йўл билан излаш. Харидорни алдаб топган пулингиз ҳам пешонангизга ёзилган ризқ эди, лекин сиз уни ҳаром йўл билан олишни танладингиз. Ҳалолликни танланг, баракасини кўрасиз!
Аллоҳ таоло барчамизга ҳалол ва баракали ризқ насиб этсин!
April 18, 2026 613 8