Узкомназорат инспекциясининг Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги маҳаллалар раислари иштирокида «Кибержиноятчиликнинг олдини олиш» ва «Кибержиноятлардан ҳимояланиш» мавзуларида профилактик учрашув ўтказилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Қарши шаҳрида 60 дан зиёд маҳалла фаолият юритиб, шаҳар аҳолиси 300 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Рақамли технологиялар ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган бир пайтда кибержиноятчиликнинг турли кўринишлари ҳам долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Айниқса, кўп ҳолларда нафақа ёшидаги кексалар ва ахборот технологияларидан етарлича хабардор бўлмаган фуқаролар жиноятчиларнинг алдовларига учраб, кибержиноятчилик қурбонига айланиб қолмоқда.
Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг киберхавфсизлик борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, банк карталари ва ҳисоб рақамларига оид маълумотларни бегона шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларни очмаслик каби муҳим қоидалар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Узкомназорат инспекциясининг Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Усмон Нусуров маҳалла раислари, маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда ҳар бир фуқаро билиши зарур бўлган киберхавфсизлик қоидалари ҳақида фикр юритиб, киберфирибгарликнинг кенг тарқалаётган усуллари ва улардан ҳимояланиш чораларига тўхталди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси мутахассиси, майор Сардор Худайбердиев эса кибержиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик ва жазо чоралари ҳақида иштирокчиларга тушунча берди.
Қизиқарли ва мазмунли мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Таъкидланганидек, бундай профилактик тадбирларни маҳаллаларда мунтазам ташкил этиш, айниқса, аҳолининг киберхавфсизлик бўйича хабардорлигини ошириш кибержиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларни интернетдаги турли хавф ва фирибгарликлардан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.