100 трлн сўмлик давлат активлари савдога чиқарилади… — Pressuzb — TG.ME

❗️100 трлн сўмлик давлат активлари савдога чиқарилади — хусусийлаштиришда қулай механизмлар жорий этилмоқда

Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда. 2026 йилда 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улуши, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер савдога чиқарилади. Уларнинг умумий қиймати қарийб 100 трлн сўмни ташкил этади.

Тадбиркорлар учун эса активларни харид қилиш шартлари анча енгиллаштирилади. Хусусан:
🔵бошланғич тўлов 15 фоизга туширилади, қолган маблағни фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин;
🔵 актив қийматини 6 ойда тўлиқ тўлаганларга 25 фоиз чегирма берилади;
🔵 қийматнинг 50 фоизини 6 ойда тўлаганлар қолган қисмини 7 йилгача фоизсиз тўлаши мумкин;
🔵 35 фоизини 3 ойда тўлаганларга қолган маблағни 5 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.

Шунингдек, узоқ вақтдан бери харидор топилмаётган айрим давлат активлари 1 млн сўм бошланғич нархда аукционга чиқарилади. Уч ой давомида сотилмаган активларнинг бошланғич нархи эса босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилиши мумкин.

Яна бир муҳим янгилик — ер участкалари “тайёр пакет” шаклида, яъни қурилиш учун зарур ҳужжатлар ва коммуникация тармоқларига уланиш техник шартлари билан бирга савдога чиқарилади. Бу тадбиркорга ерни олгандан кейин ойлаб ҳужжат тўпламасдан, лойиҳани тезроқ бошлаш имконини беради.

Янги тартиблардан асосий мақсад — давлат қўлида самарасиз турган активларни хусусий секторга бериш, уларни ишлайдиган бизнес ва янги инвестиция лойиҳаларига айлантиришдан иборат.

@pressuzb
September 9, 2026 6.2K 39