Асакабанк раҳбарияти ҳудудларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича иш олиб бормоқда
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ижроси доирасида «Асакабанк» АЖ раҳбарияти ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларида инвестиция лойиҳалари жойида ўрганилиб, туман штаблари ҳамда маҳалла банкирлари фаолияти таҳлил қилинди.
Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Хонқа туманларида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари А. Ҳайдаров, банк Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи С. Закиров ва туман ҳокимликлари масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Унда янги лойиҳаларни молиялаштириш, мавжуд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватларини кенгайтириш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Нукус шаҳрида банк Бошқаруви раиси ўринбосари С. Талибжанов тадбиркорлар билан учрашиб, бизнесни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича таклифларни кўриб чиқди.
Бухоро вилоятининг Олот туманида эса Бошқарув раиси ўринбосари Ш. Хайруллаев иштирокида сайёр қабул ташкил этилиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини маҳаллий масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари белгиланди.
Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида банк Бошқаруви раиси маслаҳатчиси А. Боймуродов томонидан «Sifatli kaolin» МЧЖнинг каолинни бойитиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаси ўрганилиб, уни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилди. Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан хонадонбай ишлаш орқали уларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш ва фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш масалалари юзасидан амалий ечимлар топилди.
Мазкур жараёнларда банк фаолияти фақат молиявий ресурслар ажратиш билан чекланмай, балки истиқболли ташаббусларни аниқлаш, лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш ва барқарор иш ўринлари яратишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи тизим асосида ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар бевосита ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга йўналтирилган.
@pressuzb
September 8, 2026 3.9K 5






