Бир байт шарҳи рукнидан
(Қўқон адабий муҳити шоирлари шоҳбайтлари шарҳи)
Йўқтурур инсон тараққи-ю таназзулдин барий,
Ер-у кўкни то яратти Холиқи арз-у само.
Адо (Султонхон тўра Аҳрорий)
Луғавий шарҳ
Йўқтурур – йўқдир, мавжуд эмас.
Инсон – одам, башар.
Тараққий – юксалиш, камол топиш, ривожланиш.
Таназзул – пасайиш, инқироз, тубанлашиш.
Барий – холи, озод, четда.
То – буён, бери.
Холиқи – Яратувчи.
Арз – ер.
Само – осмон.
Шоир бу байтда инсон ҳаётининг азалий қонуниятини жуда ихчам ва ҳикматли тарзда ифода этади. Инсон умр йўли доимо бир хил кечмайди. Баъзан у юксалади, баъзан эса синов ва қийинчиликларга дуч келади. Демак, тараққий ва таназзул ҳаётнинг табиий алмашинувларидир.
Байтнинг биринчи мисрасида “тараққий” ва “таназзул” сўзлари ўртасида тазод (қарама-қаршилик) санъати яратилган. Бу қарама-қаршилик ҳаётнинг икки қутбини ифодалайди: бири камолот сари ҳаракат, иккинчиси эса заифлашиш ёки ортга кетиш. Шоирнинг фикрича, бу икки ҳолатдан мутлақо холи бўлган инсон йўқ.
Иккинчи мисрада эса фикрнинг ишончлилиги кучайтирилади. Шоир бу қонуниятни вақт билан боғлайди: Еру осмон яратилганидан буён шундай бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади.
Тасаввуфий талқин
Тасаввуф нуқтаи назаридан тараққий соликнинг руҳий камолот сари кўтарилиши, мақом ва ҳолларни босиб ўтиши демакдир. Таназзул эса нафснинг ғолиб келиши, ғафлат, синов ёки руҳий сустлик ҳолатларини англатади. Аммо орифлар назарида таназзул ҳам мутлақ ёмон эмас. Баъзан у инсонни ўз камчиликларини англашга, тавбага ва янада юксак камолот сари интилишга сабаб бўлади. Шу боис солик на тараққийдан мағрурланади, на таназзулдан ноумид бўлади. Ҳар икки ҳолатни Ҳақнинг тарбияси деб билади.
Байтнинг ғоявий аҳамияти
Шоир ўқувчини ҳаётнинг ўзгарувчанлигига ҳушёр бўлишга чақиради. Инсон бугун юксалса, эртага синовга дуч келиши мумкин; бугун қийинчиликда бўлса, эртага камолот сари юз тутиши мумкин. Демак, муваффақиятга ҳаддан ортиқ мағрурланмаслик, муваффақиятсизликдан эса тушкунликка тушиш керак эмас.
Хулоса қилиб айтганда, байтда инсон ҳаётининг фалсафий ҳақиқати мужассам: тараққиёт ва таназзул – ҳаётнинг ажралмас қонунидир. Еру осмон яратилганидан бери ҳеч бир инсон бу икки ҳолатдан мустасно бўлмаган. Шу сабабли инсон ҳар қандай вазиятда ҳам матонат, тавозе ва сабр билан яшаши, юксалишда шукр, таназзулда эса сабр ва тавба йўлини тутиши лозим. Устозим Иброҳим Ҳаққул айтганларидек: “ҳар қандай музаффариятда мағлубият, ҳар қандай мағлубиятда эса музаффарият бор. Бунинг ҳикматини ангалаган инсон бу ҳаётда ҳеч қачон синмайди!”