ШАНБА. МЕТРО...
Шанба. Метро. Биз учрашар кун,
Бир йилга чўзилиб кетар бир ҳафта.
Қуёш қораймайди, оқармайди тун,
Фурсат имиллайди сен йўқ тарафда.
Шанба. Метро. Яна учрашдик,
Огоҳлик сўралди ҳар биримиздан.
Тошқин қалбимизга қўшилиб тошдик,
Кўз узмай кетардик бир-биримиздан.
Тутқучга узатган қўлинг етмасди,
“Мени қуч, мени қуч”, дерди кўзларинг.
Менда эса фақат журъат етмасди,
Қучмоққа ижозат берди кўзларинг.
Илк бора бағримга олдим ўша он,
Олов нима эди сенинг қаршингда.
Қуёшнинг қизидек эдинг нурафшон,
Менга жой бормиди кўнгил аршингда.
... Шанба. Метро. Биз учрашмадик,
Қайтиб кўролмадим ойдин юзингни.
Сўнг чинга айланди дилдаги ҳадик,
Тунлари ахтардим ойдан юзингни.
Сенсиз кенг шаҳарда юриш ҳам малол,
Сенсиз бу вагонлар қандайин совуқ.
Ҳижрон, бағрингни оч, мени қарши ол,
Садоғинг бўш бўлса, кўксим тўла ўқ.
Шу кеч дунёимни қорлар босди-да,
Қор урдим юзимга қадринг билиниб.
Жонгинам, ҳали ҳам ернинг остида
Поезд юрган эмиш бағри тилиниб.
© Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
@islomjon_ijodi

7
5
3
1August 29, 2026 871 4 1