Адабиётимизда ўз сўзи ва услуби билан алоҳида ажралиб турадиган Жавлон Жадиднинг туғилган куни бугун. Жавлон ака, бу миллатга, бу Ватанга айтар сўзларингиз мўл бўлсин илоҳим.
Жавлон Жовлиевга бағишланади
Баданингда жимир этган томирми у,
Юрак тананг узра қонинг ҳайдаяптими?
Меҳрибоним,
тикилганинг Помирми у,
Бадар кетган болаларинг қайтмаяптими?
Не чоранг бор боғларингни зоғлар босса,
Ўймайсанми буни кўрган кўзларингни.
Озод қалбинг осмонини доғлар босса,
Тайёрлаб қўй таскин учун сўзларингни.
Кўзларингдан уққаним шу савол бўлди:
Энди кечми,
бой бердикми ҳаммасини?..
Наҳот бутун дунёимиз завол бўлди,
Сезмадикми қузғунларнинг ҳамласини?..
Йўқ, онажон,
бағринг тилма, сочинг юлма,
Сочинг керак душманларни бўғиш учун!
Юздан ошиб, қайта туғил, лекин ўлма,
Бағри бутун болаларни туғиш учун!
Ўз қадрини билмаганлар эрман деса,
Ўз юртида қадр топмас ўлгунича.
Болаларинг йигит бўлса, эрман деса,
Тупроқ қўриб ётсин тупроқ бўлгунича!
© Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
@islomjon_ijodi



