ОНАСИЗ ҚОЛГАН ЧАҚАЛОҚ ✍ .
6 - қисм .
Сабриянинг келинлик кунлари бир хилда зерикарли ўта бошлади .
Қайнонасига яқинлашишга уринишлари зое кетди .
Бу аёл доим бир хил юради . На хурсанд , на хафа .
Бирор иш бўлса айтади Сабрияга , бўлмаса кириб ётади . Ўзи бирор ишга қўл урмайди .
Сабрия эри мардикорчилик қилишини , иш охирида шериклари билан
,, чарчоқбости ,, қилиб ичиб келишларини , уйда доимий етишмовчилик бўлишини кўриб ўзи ҳам далага ишга чиқишни ўйлади .
Онасига астагина айтган эди .
Ўзи кексалик ёшига қараб кетаётган бўлсада кеч фарзанд кўргани учун ҳали ўғилларини уйлаб жойлаши керак бўлган онаси хам қизини қарорини маъқуллаб қўя қолди .
Сабрияни бошқа аёлларга ўхшаб фермер даласига чиқиб ишлашига оилада ҳеч ким қаршилик қилмади .
Унинг ишлашига бошқалар ҳам ажабланмади .
Бозор иқтисодиётига ўтилаётганлиги сабабли аҳоли орасида танқислик , етишмовчилик сабаб ҳамманинг ҳоли ўзига аён , ишлаган тишлайдиган замон эди .
Сабрия энди янаям чаққонроқ бўлиб , елиб югуриб ишларини қилиб юрадиган бўлиб қолганди .
Ишдан қайтиб овқат қилиши , рўзғор ишларига ҳам улгуриши керак .
Кейинги пайтларда қайнонаси ҳам ўз ўзидан Сабрияга жахл қилиб гапирадиган бўлиб қолган .
Сабрия ишчиларни олиб кетадиган машина келгунича кийиниб ўзига қараб олдию , чой ичишга улгурмади .
Ахир у ҳали келинчак , чўғдай очилиб юргиси келади .
Ҳаммани ҳавасини келтирган сочлари ҳам тўдаланиб рўмолнинг остидан чиқмай қолди .
Бир бурда нонни қўлига олиб сигнал чалган машинага чопди .
Ана мана дегунча ишга чиққанига ҳам икки ой бўляпти .
Бугун пахта ягана қилишлари керак .
Қўшни опа билан ёнма ён ишлар экан , кун қизиган сари кўнгли бехузур бўла бошлади .
Пешонасидан , бўйниларидан оққан терлари баттар ғашига тегарди .
Бир зум тин олиб , бошини кўтариб қўлини пешонасига соябон қилиб қуёшга қараб қўйди .
Ёнидаги елим идишдан бир қултум сув ичдию , илимилиқ сув баттар кўнглини кўтарди .
Кўз олдига кеча кечда отаси олиб келиб ташлаб кетган катта қип қизил тарвуз келди , ширин суви таъмини сезгандек тамшаниб қўйди .
Катта тунукага кетмон билан даранглаб урилган занг овози эшитилиб ҳаммани тушликка шийпонга чорлай бошлади .
Ҳамма қатори ариқда юз қўлини ювиб шийпонга аеллар даврасига бориб ўтирди .
Ҳеч нарса егиси келмас , елим идишга тўлдириб олган муздай ариқ сувини ичиб тўймасди .
Қўшни келин опаси унинг косасига ҳам макарон шўрва суздириб келди .
Помидор рангини қизартиролмаган оқова макарон суюқ ҳам , коса четида милтираб тепчиб турган ёғи ҳам баттар кўнглини айнитиб юборди Сабрияни .
Рўмолини маҳкам оғзига босиб ўрнидан турмоқчи бўлдию қўшни опасига суяниб шилқ этиб ҳушидан кетиб қолди ....
давоми бор .....
ШАХЗОДА САТТОРОВА ✍
21
17
5
3September 8, 2026 1.3K 1 1