ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛЛАРИ
Сафарга чиқсанг гар эҳтиёж сабаб,
Сайр этиб ватаннинг саҳро, чўлларин,
Қора илон каби ётган ялтираб,
Кўрасан бу юртнинг ҳадсиз йўлларин.
Бу йўллар – Ватаннинг жон томирлари,
Орзу, ният оқар уларда жўшиб,
Бағрида авайлаб не-не сирларни,
Сукут сақлаб ётар асрлар ошиб.
Бироз диққат билан назар солсанг гар,
Темурбек тулпорин изин кўрасан,
Чўзилган Ҳиротдан Самарқанд қадар,
Ҳазрат Навоийнинг сўзин кўрасан.
Осмонни девлардай кўтариб турган –
Тоғлар бағрин ёриб ўтган бу йўллар,
Юртидан қувғинди Бухорий юрган,
Ҳадисларни асраб ётган бу йўллар.
Бугун ҳурриятнинг шамоли силаб –
Сайқаллаган юзи кўзгудай тиниқ,
Ҳар бир ўткинчига омонлик тилаб,
Минг бор дуо қилиб ётгани аниқ.
Бу йўллар – тарихнинг элчиларидир,
Ўтмишни келажак билан боғлайди,
Минг йиллик тамаддун йўлчиларидир,
Яна минг йилларни кўзлаб, чоғлайди.
Зарбоф чопон кийган алп Ўзбекистон,
Аллоҳ нурли қилгай равон йўлини,
Бу йўллар анвойи бир белбоғсимон,
Маҳкам боғлаб турар унинг белини.
Абдунаби Ҳамро
📚 Ibratli Hikoyalar 📚

2
1August 26, 2026 1.9K 4