Эрмак учун одам овлаган снайперлар ёхуд Боснияда “инсон ови”га борганлар
1992 йилдан 1996 йилгача – қарийб 44 ой давомида қуршовда қолган Сараево аҳолиси учун ҳар бир кун ўлим билан юзма-юз келиш эди. 1993 йил 11 июль куни 48 ёшли Мунира Заметица Добриня дарёсига сув олишга келди. Кўприк уни снайпер ўқидан паналаб турган эди, аммо челагини тўлдириш учун очиқ жойга чиқиши билан нишонга олинди; ўқ ёмғири тинмагани боис ёрдамга келолмаган атрофдагилар кўз ўнгида аёл шифохонада жон берди. Бошқа бир куни саккиз ёшли Элма онаси билан кўчага қўйилган темир контейнерлар панасидан чиққан заҳоти отилган биттагина ўқ аввал онасининг оёғини, кейин қизчанинг қорнини тешиб ўтди. Гаага трибуналида генерал Станислав Галич ва Драгомир Милошевич устидан чиқарилган ҳукмларда тинч аҳоли, дафн маросимига келганлар, трамвай йўловчилари ва боғча-мактаб болалари қасддан нишонга олингани ҳужжатлар билан исботланди. Қамалда ҳалок бўлган 1600 дан ортиқ боланинг ҳар ўнинчиси айнан снайпер ўқидан қурбон бўлган.
Аммо бу шафқатсиз уруш манзараси ортида инсоният тасаввурига сиғмайдиган яна бир қора саҳифа яширинган эди. Бу – Европанинг турли мамлакатлари, АҚШ ва Канададан келган бадавлат хорижликларнинг пул тўлаб, Сараево аҳолисини худди ёввойи ҳайвондек “овлаш” учун уюштирган махфий турлари, яъни “инсон ови сафари” эди. Ўттиз йил давомида миш-миш ва махфий архивларда қолиб кетган бу ваҳшийлик бугун Европанинг тўртта давлати прокуратуралари, халқаро ташкилотлар ва мустақил терговчилар томонидан кенг кўламли жиноий иш сифатида ўрганилмоқда.
Бу махфий тармоқнинг илдизлари 1990-йилларнинг бошига бориб тақалади. Италян ёзувчиси ва журналисти Эцио Гавацценининг сўнгги суриштирувлари ҳамда унинг “Дам олиш кунлари снайперлари: Сараеводаги одам ови бўйича суриштирув” (I cecchini del weekend. L’inchiesta sui safari umani a Sarajevo) номли китобида ушбу жиноий схема батафсил очиб берилди. Маълум бўлишича, бой “овчилар” ва ўта ўнг радикаллар учун мўлжалланган бу “қонли сафарлар” пухта йўлга қўйилган халқаро тармоқ томонидан бошқарилган. Унинг марказий идораси Бельгияда жойлашган бўлиб, буюртмаларни Миландаги махсус агентлик тўплаган, ташкилий ишлар ортида эса Болқон ва Россия мафияси ҳамда собиқ ҳарбийлар турган.
“Овчилар”ни саралаш ва ёллаш ишлари қурол дўконлари, овчилар клублари, тир майдонлари ва фахрийлар уюшмаларида олиб борилган. Бўлажак снайперлар билан арзон меҳмонхоналар ёки тамаддихоналарда учрашилиб, нархлар, шароитлар ва нишонлар келишилган. Мижозлар гуруҳи жума куни тушликдан кейин Миландан автобусда Триест аэропортига ёки Парма ва Анкона портларига йўл олган. У ердан Сербияга қарашли “Aviogenex” сайёҳлик компанияси ва денгиз йўллари орқали аввал Белград, Сплит ёки Задарга, сўнгра Босния серблари назоратидаги фронт чизиғига етказилган. Сафар бошланишидан олдин иштирокчиларга телефон орқали: “Камончилар учун кийиклар пайдо бўлди”, деган махфий шартли хабар юборилган. Бу ерда “камончи” – қуролли сайёҳ, “кийик” эса Сараево кўчаларида бир бурда нон ва сув излаб юрган бегуноҳ фуқароларни англатган.
Энг даҳшатлиси – бу “сафари”нинг нархномаси ва нишонлар тоифаси бўлган. Тўпланган гувоҳликлар ва Босния махсус хизматлари ҳужжатларига таянган хорватиялик журналист Домогой Маргетичнинг “Тўла ва от!” (Plati i Pucai!) тадқиқотига кўра, энг қиммат “ўлжа” болалар ва ёш қизлар бўлган. Уларни отиш ҳуқуқи учун ўша даврда 100 миллион италян лираси (бугунги харид қобилияти бўйича 100 минг евродан зиёд) ёки 95–110 минг немис маркаси тўланган. Катта ёшли аёллар учун қарийб 70 миллион, эркаклар учун 50 миллион, кексалар учун эса 20 миллион лирагача нарх белгиланган...
Мақолани тўлиқ ўқиш: https://fikratonline.uz/ermak-uchun-odam-ovlagan-snayperlar-yohud-bosniyada-inson-oviga-borganlar/
@fikrat
FikratOnline
Эрмак учун одам овлаган снайперлар ёхуд Боснияда “инсон ови”га борганлар - FikratOnline
1992 йилдан 1996 йилгача – қарийб 44 ой давомида қуршовда қолган Сараево аҳолиси учун ҳар бир кун ўлим билан юзма-юз келиш эди. 1993 йил 11 июль куни 48 ёшли Мунира Заметица Добриня дарёсига сув олишга тушди. Кўприк уни снайпер ўқидан паналаб турган эди,…

12
6September 1, 2026 1.5K 1 6