#Тафаккур_учун
“Бу менинг суннатим!”
Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг уйига келиб, у зотнинг ибодатлари ҳақида сўради. Онамиз уларга
Пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида хабар
бергач, улар бу ибодатларни ўзларича оз деб
ўйлашди. Кейин: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васалламдек бўла олармидик?! Ахир, у кишининг олдингию кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса. Биз ибодатни кўпроқ қилаверишимиз
керак!” дейишди. Сўнгра улардан бири: “Мен кечаси билан намоз ўқийман, ухламайман”, деди.
Яна бири: “Мен узмасдан рўза тутаман, оғиз очиқ
юрмайман”, деди. Учинчиси: “Мен аёллардан буткул ажраламан, уйланмайман”, деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келгач,
онамиз бўлган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ
кейин уларнинг олдига бориб:
– Шундай-шундай деб сизлар айтдингизми?! –дедилар.
– Ҳа, биз айтдик, – дейишди улар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
– Аллохга қасамки, мен сизларнинг ичингизда Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман! Аммо мен
намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, рўза тутган ва тутмаган пайтларим ҳам бўлади, аёлларга ўйланаман! Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас! – дедилар.
Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал суратда эргашишди. Ҳатто саҳобалардан бири бир жойдан ўтаётиб бошини паст қилиб ўтди. Ундан нега бундай қилганини сўрашганида: “Шу ерда бир дарахт бор эди. Шохлари пастга эгилиб тушган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг остидан ўтаётиб, бошларини пасайтириб ўтган эдилар. Дарахт кесилиб кетган бўлсада, мен ҳам ўшандай қиляпман”, деди.
Аллоҳ таолога энг ёқимли ибодат Набий алайҳиссаломнинг йўлларига ҳаддан ошмасдан, нуқсонга йўл қўймасдан эргашмоқдир. Ҳаддан ошиш ҳам, нуқсонга йўл қўйиш ҳам бу уммат учун ҳалокатдир. Ҳаддан ошиш туфайли бизда кўп одамлар ва радикаллар, адашган тоифалар, кишиларнинг қонини арзон кўрадиганлар, такфирчилар пайдо бўлди. Нуқсонга йўл қўювчилар туфайли эса тойилувчилар, мағлубият, фикрий беморликлар ва ғарбга тобелик пайдо бўлди!
Ислом мана шу икки разолат ўртасидадир. Агар биз ислом таълимотларига назар солсак, ундаги барча фазилатлар, гўзал хулқлар мана шу икки разолат ўртасида эканини кўрамиз. Ким ундан четланса, албатта, мана шу икки разолатдан бирига тушади!
Ислом даъват қилган шижоат қўрқоқлик ва шошқалоқлик ўртасидадир. Ислом чақирган саҳийлик бахиллик ва исроф ўртасидадир. Ислом айтган ҳаё хижолатпазлик ва сурбетлик ўртасидадир. Ислом даъват қилган иффат роҳиблик ва ҳар нарсани мумкин дейиш орасидадир!
Доимо рўйхат охиридаги ёмон хулқларга эътибор беринг. Ўшаларнинг тепасида икки разолатдан узоқ ҳолда ислом ўзининг гўзал хулқлари билан лангар ташлаганини кўрасиз!
Динимизда уяладиган нарса йўқ. “Инсонлар ойга етиб борган асрда мисвок”ни танқид қиладиган кишилар бор. Улар мисвокни танқид қилади. Гўё уларни ойга чиқишдан мисвок тўсиб тургандеκ. Азизим! Сизни мисвок эмас, бошингиздаги бемор ақлингиз тўсяпти, холос!
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ажойиб бир гап айтган: “Суннат Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига ўхшайди. Ким унга минса нажот топади. Ким мина олмай қолса, ғарқ бўлади!”
Адҳам Шарқовий :
« Набавий тарбия».