Пойтахтда кўчмас мулк бозори охирги йилларда бир қанча ўзгаришларни бошдан кечирди.
Пандемия ва уруш таъсирида нархлар 2022-2023 йилларда кескин ошди (бу нарх пуфаги хавфини ҳам келтирганди). Кейинчалик бир муддат пасайиш даври бўлди.
Бироқ, айни пайтга келиб кўчмас мулк бозори анча барқарорлашган. Тўғри инвестиция яхши даромад олиб келади.
Масалан, сўнгги бир йилда пойтахтда уйларнинг даромадлилик кўрсаткичи 14,6 фоизни ташкил қилди (инфляция 7 фоиз атрофида). Бу бир қарашда банк омонатлари ва олтин каби бошқа сармоя воситаларидан пастроқ.
Аммо талаб юқори бўлган марказдаги 1 ва 2 хонали уйларнинг даромадлилик кўрсаткичи юқори даражада бўлди.
Мирободда 1 хонали уйни даромадлилиги 50 фоизни ташкил қилди. 2 хонали уйлар орасида даромадлилик Юносободда энг юқори бўлди — 24,8 фоиз.
50 фоизлик даромад ҳар сафар шундай бўлади дегани эмас. Масалан, Мирободда 2025 йил мартида бу кўрсаткич атига 1 фоиз бўлган.
Бироқ, пойтахтда аҳоли сони ошиб бораётгани, ресурс чеклангани ортидан шаклланувчи юқори талаб сабаб, шаҳар марказидаги уйлар нархи яқин йилларда ўсишда давом этиши кутилмоқда.
Юқорида айтилганидек, ҳозир бозор барқарор даврни бошдан кечиряпти. Бундай пайтда инвестицион муҳит ижобий бўлади.
Кўчмас мулкка сармоя киритишда давлат томонидан ажратилаётган ипотека кредитилари ҳам қўл келиши мумкин.
Давлат ипотека кредитлари ҳозирда Тошкент учун 480 млн сўмгача, бошқа ҳудудлар учун 380 млн сўмгача, йиллик 17-18 фоиздан ажратилмоқда.
Бироқ бунда муҳим жиҳат бор — 7 фоиз атрофидаги инфляция. Марказий банк буни яқин йилларда 5 фоизга пасайтирмоқчи.
Глобал нотинчликлар даврида буни қанчалик имкони бўлади, ҳозирча номаълум
17-18 фоизли ипотека кредитлари икки хонали инфляция пайтида анча фойдали эди. Сабаби реал фоиз ставка камроқ эди.
Шунинг учун кўчмас мулкка сармоя қилишда буни ҳам инобатга олиш зарур.
Ҳозирги пайтда 24-25 фоизли тижорий ипотека кредитларини олиш яхшигина зарарга ишлайди.
Уй сотиб олишда ижтимоий мезонларга тўғри келинса, субсидиядан ҳам фойдаланиш мумкин.
2026 йилда жами 30 минг кишига, ипотека кредитлари учун 2,7 трлн сўм субсидия бериш режа қилинган (бир кишига ўртача 90 млн сўмдан). Ўқитувчилар учун алоҳида субсидия ҳам бор.
Шундай қилиб, кўчмас мулк тўғри сармоя қилинганда доимгидек барқарор сармоя воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ҳозирда Тошкентдан уй сотиб олишда тўғри стратегик ёндашиш, шаҳар марказидаги 1 ва 2 хонали уйларни сотиб олиш инвесторлар учун келажакда яхши даромад олиб келиши кутилмоқда.
Аммо олтин қоидани ҳам унутмаслик керак — диверсификация муҳим. Портфелни фақат кўчмас мулк билан шакллантириш нотўғри бўлади.
@bankir



