Исломда "Бароат кечаси" йўқ
Олимлар Шаъбон ойининг 15-кечасини намоз ўқиш билан ўтказиш, кундузи алоҳида шу кунга хослаб рўза тутиш, бу кеча ва унинг кундузида қилинган дуолар ижобат бўлиши, бу кечада дўзахдан одамлар озод қилиниши, шу кечада вафот этган кишилар ҳисоб қилинмаслиги, унда "Ихлос" сурасини ўқиш фазилати, бу кечада инсонларнинг умри ва ризқига барака кириши ҳақида келган ҳадисларнинг биронтаси собит – саҳиҳ эмаслигига иттифоқ қилишган.
Яна аксар муҳаддислар бу кечада ширк келтирмаган, биродарига нисбатан қалбида ғиллу-ғашлик, хусумат бўлмаган мусулмонларнинг барчаси мағфират қилиниши ҳақидаги ҳадисни ҳам заиф санашган. Фақат баъзи олимлар бу ҳадисни ҳасан, жуда озчилиги эса саҳиҳ деган.
Хуллас, "Бароат кечаси" ҳақидаги ҳадислар тўқима, ўта заиф ва заиф бўлиб, ҳужжатликка ярамайди. Шу жиҳатдан бу кеча ва унинг эртанги кунини қандайдир ибодатга хослаб ўтказиш асоссиз ишдир.
Аммо Шаъбоннинг 15-куни бошқа ҳар қандай ойдагидек "Ойнинг ўрта кунлари" туркумига киргани учун айни шу сабабли бу кунда нафл рўза тутиш мустаҳаб. Шу билан бирга бу кунда бошқа ўзига хос фазилат йўқ.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан Шаъбон ойида собит бўлган ҳолат – у киши бу ойда бошқа ойлардан кўпроқ нафл рўза тутганлар. Аммо Росулуллоҳнинг ўзлари ҳам, саҳобалар ҳам "Бароат кечаси" деган амални қилганликларига бирон саҳиҳ далил йўқ..