Лирик чекиниш, чиройли шеър экан. 🥰 Барчага яхши кайфият тилаб қоламиз. Ёлғон деманг дунёни,
Ёлғонлиги ёлғондай.
Кўрганларим дилимга
Шу хаёлни солгандай.
Ёлғон эса, нега севар
Уни жони ширинлар?
Нега уни ростдай яшар
Муттаҳаму фирибгар?
Шак келтириш гуноҳ ахир
Худога бу давронда.
Аммо мени ишонтиринг
Ўтиб кетмай ҳайронда.
Ишлаб топдим, ҳалол, дейди
Кимдир ҳаром пулини.
Бойваччалар тунда ҳатто
Равшан кўргай йўлини.
Кимга росту кимга ёлғон,
Бу дунёнинг борлиги.
Наҳот ёлғон ноласию,
Ночорларнинг зорлиги?
Тиланчининг қўлларига,
Ташлаб кетса биров тош.
Ёлғонмикан унинг икки
Кўзларидан оққан ёш?
Ишонтиринг, илм аҳли,
Нега бўлди таъмагир?
Бир ёлғондан битта авлод
Ношуд бўлдику, ахир!
Ёлғон эса, нега ростдир,
Умримизнинг охири?
Камёб бўлди нега ишқнинг
Зуҳроси ва Тоҳири?
Ёлғон эса, ростакамдан,
Йиғламасин яхшилар
Кўп ҳавойи ўтрикларин
Йиғиштирсин бахшилар.
Ҳаддимиздан ошсак гоҳи,
Гоҳо билиб, билмай ҳам.
Айтаман деб отамизга
Қўрқитган эрди онам.
Биз билардик, алдаб, аммо
Отамга айтмас эди.
Қўрқсак ҳамки, отам аён:
Бизларни чертмас эди.
Эртакларга ишонардик,
Нақллару достонга.
Бугун эрса, ишонамиз
Товламачи, нодонга.
Бу ёлғончи дунё, деймиз
Гуноҳкор қиб замонни.
Ростдан кўра чунки, рости
Айтиш енгил ёлғонни.
Молу давлат васвасаси
Ёлғон дунё дегани:
Биров ейди яшаш учун,
Биров яшар егани.
Кўникишга кўникиб, гоҳ
Ўзни алдаб қўямиз.
Етмаганда сабр, дарров
Давронага йўямиз.
Қуш инида не кўрарди -
Биз англатган дунёни.
Такрор этар у албатта
Биздан қолган рўёни.
Майли, ёлғон денг, майли
Бу беқарор бир дунёни.
Лекин ёлғон бўлмасин ҳеч
Одамларнинг иймони.
Майли, дунё ёлғон экан,
Биз ёлғончи бўлмайлик.
Туғилмайлик ёлғондакам,
Ёлғондакам ўлмайлик.
Муаллифи: Фармон ТОШЕВ.