Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!
НАВРЎЗ ТИЛАКЛАРИ
Бу кун баҳор бир сабаб,
Наврўз баҳона бўлиб,
Лим-лим тўлган қалбимни
Шеър қилиб битмоқчиман.
Мангу баҳор юртида
Юрган ой каби тўлиб
Муҳтарам юртдошимга
Дилрозим айтмоқчиман.
Мен сармастман баҳорий
Туйғу отлиғ бир майдан.
Сизга ҳам маним каби
Сармастликни тилайман!
Менинг юрагимдаги
Умидлар каби бодраб
Бойчечаклар адирда
Қор остида урмиш ниш.
Ажаб, бутун табиат
Ётганда ҳали мудраб,
У олис навбаҳорнинг
Қадамин илғаганмиш.
Бу сезгини оддий гул
Қайдан олган, билмайман,
Сизга шу бойчечакнинг
Сезгисини тилайман.
Учрашувга ошиққан
Ошиқ мисоли шошиб,
Баҳорнинг илк жилғаси
Қайгадир югуради,
Гоҳ боши берк жойларга
Кириб қолар адашиб,
Гоҳ йўл узра тошларга
Кўкрагини уради.
Мен ҳам жилға мисоли
Тўлиб оқмоққа шайман,
Сизга ҳам унинг шиддат,
Ишончини тилайман.
Ана, эшитилмоқда
Узуқ-юлуқ нолали
Юракни тилкаловчи
Қадимий куй садоси.
Бу – Ҳиндикуш ортида
Афғон, ўзбек боланинг
Сурувни излаб юриб
Чалган найин овози.
Навоий навосига
Қайтолмай зор йиғлайман,
Сизга кабутар тўла
Оқ осмонлар тилайман.
Гулдурак садосидан
Уйғонди замин тийрак,
Қуёшнинг нури сабаб
Тарки хоб айлар чаман,
Фақатгина дарёлар
Қишу ёз бедор, сергак,
Виждондек тўлғонади
Бағрингда, бағрим, Ватан!
Мен фақат дарёлардан
Нисбат олмоқ истайман,
Сизга Сир ва Амунинг
Бедорлигин тилайман.
✍️ Иқбол МИРЗО