ижодкорларга Ҳар ишнинг ўз эгаси бор. Деҳқон экин экади, чорвадор… — Таҳрирчи — TG.ME

#ижодкорларга

Ҳар ишнинг ўз эгаси бор. Деҳқон экин экади, чорвадор мол-қўй боқади, ношир нашр қилинадиган китоблар рўйхатию ишларни тартиблайди, тақсимлайди, муаллиф ёзади, муҳаррир таҳрирлайди ва ҳоказо.

Бир неча ой бир файл жўнатиб, ундаги матн бўйича фикримни сўрашди. Ўқиб кўрдим. На адабиёт талабига жавоб беради, на имлоси тузук — кўнгилни айнитар даражада савиясиз ёзилган, очиғини айтсам...

“Биринчидан, айни шу китобни “одам” қилиш учун анча тер тўкишга тўғри келади. Кейин эса бундай мавзудаги китобларни ўқишмайди, савия анча ошган китобхонларда. Яна ҳозир деярли ҳамма интернет ишлатади, интернет панд-насиҳатларга тўла, бу китобни ўқишмасаям керак. Хуллас, бу харажат қилишга арзимайди”, дедим.

Бир неча кун олдин ўша китобнинг сайқалланган вариантини тасҳиҳ қилиш учун беришди. Матнни сайқаллашганини айтишди. Майли деб олдим.

Китобни олиб, очиғи, матннинг нимаси ўзгарганини билолмадим. Билингани, ворд файлга рангли гуллар билан безатилган рамка қўйилган. Бу эса компютернинг қотиб ишлашини қойилмақом даражадан таъминлаб беради.

Матн савияси эса ҳаминқадар, х ва ҳ ҳарфлари алиштириб ёзилган, шеърларида на туроқ, на вазн бор. Мавзулари эса панд-насиҳат, яна кимларгадир аталган, “емаган” мақтовлардан иборат.

Баъзида одам кимгадир иши тушса, у одамни кўп уринтириб қўймаслик учун максимал даражада ҳаракат қилади. Юқорида айтганимдай, бу ворд файлнинг гулларидан мақсад “нашриётдагилар саҳифалаб овора бўлмасин” бўлса керак, яна билмадим...

Муаллифнинг исмида юксак илмий даража бор, ростданам ўша даражадаги одам ҳар бир ишни ўз эгаси қилиши кераклиги, аҳл бўлмаган одам қўл урган иш бошқаларга юк бўлишини билиши керак-да!

У китоб нима мақсадда ёзилганини билмайман, лекин яхши ниятда тақдим қилинаётгани айтилган сўзбошида. Агар бозорда яхши хонтахта бўлса, қоғоз хонтахтани меҳмондорчиликда фойдаланасиз деб сотувга қўймайман. Худди шундай, адабиётга, шеъриятга алоқаси бор, аҳл бўлган одам ҳеч қачон:
Йиқилсанг устинг кир бўлади,
Йиқилсанг қўлинг чанг бўлади.
Йиқилсанг оёғинг чанг бўлади.
Йиқилсанг тиззанг йиртилиши мумкин.
Йиқилсанг тиззанг йиртилиб қонаса агар,
Ўша тиззангга зелёнка қўй, ватандошжон,
Жонинг омон бўлсинжон,
Ўрнингдан тезгина туржон,
Сен ўзбексан, ўзбекжон,
Олдимга келжон,
Ўзим зелёнка қўйиб қўяйжон.
Тезроқ тузалсин тиззажон,
Омон бўлсин жон,
Кейин мениям дуо қилжон,
Дуода эслагинжон.

Фалончихон, сен илмингга амал қилмайдиган ёмон одамсан,
Эй Фалончи, сан ёмон одамсан, чунки илмингга амал қилмайсан,
Эй Фалончи, сан умуман беамал осий бандасан,
Тавба қил тез, Фалончиё, шояд Раббинг қиёмат куни
“Бандам сани гуноҳингни кечирдимей кечирдим”, десайдией десайди.


(Мабодо ўша одамнинг шеъри деб ўйламанг, пародия қилдим қанақа ижодкорлар борлигини кўрсатиш учун.)

ёки ўтган улуғ боболаримизни санаб, ҳар бир исмдан кейин “...ҳам ўзбек” деб ёзиб, ҳар уч қатордан кейин “Сен ҳам ўзбек бўлганингдан кейин катта кетма-да”, “... кибрланма-да”, “...даражанг жудаям улуғ”, яна қофиядош сўз топилмаганидан “-да”, “-ку”, “-ей”, “жон” қўшимчаларини қўшиб сунъий равишда қофиялаштирмайди-да, эээ... Ўзи ҳақиқий шеър таҳрирланмайдиям-да...

Бир нечта таниқли кишиларга тақриз ёздирилган, бирларининг исмидан кейин “жудаям моҳир таржимон”, “жудаям...”, “ўта...” деган қўшимчалар бор. Шундоғам обрў-ҳурматли инсоннинг номига жимжимадор мақтовлар қўшиб, китобнинг вазнини оширмоқчи гўё... Бунга эришибдиям: нари борса икки-уч соатда ўқиб чиқса бўладиган, 300 килобайт бўлиши керак бўлган файл 50 мегабайт бўлиб кетган, ноутбугимга, асабларимга оғирлик қилди...

Ворд дастури тасвирларни ҳам оча олади, имконияти кенг бўлса-да, юзлаб саҳифани безаш учун рамкаларига чизилган безаклар ноутбукни қотириб қўяди.

Ноутбугим офис дастурларига, кундалик вазифаларга мослашган оддий, арзонгига қурилма. “Нашриётдагилар кўп овора бўлмаслиги учун чизилган гулчалар”ни деб бир неча соат қотиб қолди: на файлни кўчириб бўлди, на ворддан чиқди, на ўчди...

Хуллас, ҳар бир ишни эгаси қилсин. Ижодкорларга холис тавсиям, сиз тоза ворд файл топширинг нашриётга, қолганини ўзлари бажаришади.

Қаламкашларга жўнатиб қўямиз:
👇👇👇
t.me/tahrirchi
😁18🔥5
August 19, 2026 431 3