📝ЧИМИЛДИККА ЕТМАГАН СЕВГИЛИМ... (Хикоя)
Шаҳло тоққа чиқишимизни икки ой аввал режалаштира бошлади. Ётса ҳам, турса ҳам, овқатланганда ҳам, уй тозалаганда ҳам шу гапни такрорлайверади. «Тоққа борадиган кунимиз бунақа кийинаман, сен қанақа кийинасан? Пишириқлардан кўпроқ пишириб оламиз. Тоғда тоза ҳаво, иштаҳа очилади. Бир мазза қиламиз-да. Сойда чўмиламизми?» Хуллас, кўзини тоғ деб очади-ю, тоғ деб юмади. Ваниҳоят менинг сергапгина дугонам орзусига етадиган бўлди. Музаффар акам қўнғироқ қилиб, янги ҳафтанинг дам олиш кунлари машина юборишларини, тоққа чиқиб дам олиб келишимизни айтиб қолдилар. Оқар сувдай ўтиб кетадиган ҳафта бирам чўзилди-ки, оқибатда жума куни туни билан иккимиз ҳам ухлаёлмадик. Шанба тонг-саҳарда
Музаффар акам юборган машинада йўлга тушдик. Шаҳардан икки ярим соатлик йўл экан. Ҳайдовчи йигит камгап, нигоҳлари ғамгин йигит, тоғ бағирлари билан юриб бораётганимизда, биз — икки қизнинг қийқириб кулишимизга, атрофдаги ям-яшил гўзаллик, виқорли, осмонга елка тутиб турган тоғлар салобатига маҳлиё бўлиб тикилишимизга ҳавас билан қараб турар, баъзида чуқур уҳ тортиб, ғамгин жилмайиб қўярди.
- Шу ерларда дам олса бўлмайдими, жуда баҳаво жойлар экан?- Шаҳло орқа ойнадан бошини чиқариб, «ҳе-е-ей, тоғлаа-а-аа-р» деб овоз берди. Бир муддатдан кейин чор-атрофдан акс-садо эшитилиб, завқимизга завқ қўшилди.
- Музаффар акам дала ҳовлида жой тайёрлаганлар. У жойлар бу ердан ҳам хушманзара.- Ҳайдовчи йигит рулдан кўз узмай жавоб берди.- Айтишларича, бўлажак келинойимиз ижодкор эканлар, меҳмонлар ишидан рухсат сўраб келишади, уч-тўрт кун дам олиб, ҳордиқ чиқаради, дедилар.
- О-о-о!!!- гап бўлиши мумкин эмас! Бу ерларда бир умр қолиб кетишга ҳам тайёрмиз!- Шаҳло шундай деб чапак чалиб ўз фикрини ўзи олқишлаб қўйди. Кейин ҳайдовчи йигитга пешойнадан тикилиб:- Бўйдоқ танишларингиз борми? Ўзингизни илинтириб олай, десам уйланган кўринасиз. Уйланмаган жўраларингиз бўлса, таништириб қўйинг, тоғ йигитлари мард бўлади, дейишади.- Унинг гапидан иккимиз ҳам мириқиб кулдик. Йигит эса боягидек ғамгин кулимсираганча суҳбатга муносабат билдирмади.
- Болалардан нечта, ака?- Негадир саволим қулоғига кирган йигитнинг ранги ўзгарди. - Қийналиб-қийналиб нафас олиб:
- Болаларим йўқ…- деди. Ноўрин савол бериб, қовун туширганим учун хижолатда қолдим.
Салдан кейин Шаҳло ўртадаги ғашлик пардасини юлқишга уринди:
- Худо хоҳласа, энди бўлади-да. Фарзанд билан давлатнинг кечи йўқ, дейишади-ку.
- Гапингиз тўғри, аммо фарзанд кўришим учун аввал уларнинг онасини топиб олишим керак- да.- Ҳайдовчи шундай деб яна маҳзунгина жилмайди.
- Оббо, юрагимни чиқарвордингиз-е! Савол берганимга пушаймонлар бўлиб, тилимни чайнаб ўтирибман, боядан бери,- дедим йигитга ясама жаҳл билан.
- Тавба, сиз ҳам тоғликмиси, дейман? Жуда ҳазилкаш экансиз-ку.- Шаҳло шундай деб,
«Кока-кола» ичимлигини идишидан ичди. Сўнг, пешонасидаги реза терларни артиб, яна ҳайдовчига гап қотди:- Ҳой бўйдоқ ҳайдовчи, намунча дала ҳовлингиз узоқлашиб кетди-а? Ё иккита чиройли қизни машинангизга соволиб, айлантириб юраверасизми? Биласиз-а, ман «пустой» бўлганим билан, дугонам «занять».
- Хотиним, болаларим йўқ, аммо бўйдоқ эмасман… Дала ҳовлига етай деб қолдик. Бу ерларда машина бошқариш хавфли. Шунинг учун секинроқ юряпман. Ахир сизларнинг ҳаётингизга масъулликни Музаффар акам ишониб менга топширганлар.- Йигит шундай деб пешойнадан бир-бир бизга тикилди.
- Ҳаётимизга масъулият билан қараганингиз-ку, яхши, лекин қанақасига хотинию болалари йўқ бўйдоқ эмас бўлишингиз мумкин?- Энди Шаҳлонинг ростакамига энсаси қота бошлади.
- Ҳайдовчи эса кутилмаганда йўл бўйидаги арча соясида машинани тўхтатди. Бир муддат рулга бошини қўйиб ўйланиб қолди. Биз овоз чиқармай уни кузата бошладик. Тўғрироғи мени аллақандай қўрқув, хавотирга ўхшаган ҳаяжон босди. Титраб-қақшаб қўл телефонимни олиб, Музаффар акамга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аппаратда антенна белгисини билдирадиган тайёқчалар кўринмасди. Дамим ичимга тушиб кетди.- Нега тўхтатдингиз? Тинчликми?- Шаҳло ҳайдовчини енгилгина туртди. У жавоб ўрнига чуқур хўрсиниб, менга қаради:
58
4
1