Магнит бўрони
(Митти ҳикоя)
"Магнит бўрони дейишганди, шунга мазам бўлмаяпди чоғи. Амаллаб уйга етиб олсам бўлди!"
Мафтуна чап кўзи қоши аралаш "ўйиб" оғриб, кўнгли айниб уйга етиб келди.
"Овқат ҳам тайёрмас, болаларни ҳам боғчадан олмаганман. Ойижон ҳам кеч келса керак! Аёл бўлиш бунча қийин бўлмаса."
Ҳам иш, ҳам рўзғор, ҳам бола-чақа, бу ёқда келинлик вазифалари баҳорнинг илик узилди кунлари Мафтунанинг нозиккина жисмидаги кучни олиб қўйди.
Боши кўзи аралаш лўқиллаб оғриб борар экан, эшик қўнғироғини босди. Ҳайрият, қайнонаси келибди.
—Ойижон, жудаям мазам бўлмаяпди,-деди у салом-аликдан сўнг
—Вой болам, мен ҳам эрталабдан буён бошимни кўтаролмасам-а! Зўрға етиб келдим.
Турмуш ўртоғи ҳам барвақт қайтибди, ана компъютерда нимадир ёзиб ўтирибди. Аранг салом берди.
Мафтуна кийимини алмаштиргунича қўлида дори кўтариб келган қайнонаси меҳрибон овозда давом этди
—Мана шу оғриқ қолдирувчи дорини ичинг-да, ўраниб ётинг. Бир ухласангиз, жонингиз кириб қолади, худо хоҳласа. Кейин ўзи ҳам хонасига кириб кетди.
У шу ухлаганча шомда уйғонди. Аввалига тонг отди деб ўйлади. Негадир ҳаммма ёқ жимжит эди. Қўшни хонада болалари ўйнаб ўтирар, ошхонада овқат тайёр, уйлар ораста.
У қайнонасидан ҳижолат бўлди.
"Ойижоннинг ҳам боши оғриётганди, уят бўлди-я!"
Аммо қайнонаси кўринмасди.
Меҳмонхонадан жилмайиб эри чиқиб келди.
—Сал тузукмисан?
—Яхшиман, худога шукур. Чинданам яхши бўлиб қолган. Оғриқ қолиб, жисмида ҳам енгиллик туйганди.
—Қулинг ўргилсин мошкичири қилганман.Суза қол, бўлмаса,—деди турмуш ўртоғи. Қайнонаси ҳам хонасидан чиройи очилиб чиқиб келди.
—Дори таъсир қилганми, роса ухлабман, барака топинг, Мафтунахон, болаларни олишга ҳам, овқат қилишга ҳам улгурибсиз-а?!
Шундагина у болаларни боғчадан эри олганини, овқатни ҳам у тайёрлаганини сезди.
—Раҳмат, адаси, барака топинг!—деди қувониб.
Акром жиддий, шу билан бирга ўйчан оҳангда хотинига қаради.
—Аслида ҳам ишни, ҳам уйни, ҳам болаларни, ҳам ота-онамнинг хизматини қилиб келаётган сенга раҳмат айтишим керак. Ишдан келиб уйда яна ишлаш оғир экан-ку! Чарчаб қолдим, онаси.
Худойим ўзи куч-қувват берсин аёлларга...
"Баъзи-баъзида магнит бўронлари бўлиб тургани ҳам маъқул экан",—кўнглидан ўтказди Мафтуна
Феруза Салходжаева
🌸🌼🩵
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
60
10
6
3
3