📝ХУДБИН ОТА УЧУН ЭНГ СУНГГИ ЧОРА..
— Бугунги байрам — Анвар аканинг уйга қайтиши учун оламиз!
Кафенинг иссиқ ва дим хонасида ўтирган улфатлар Анвар акани мақтай кетди. Анвар ака қўлини кўксига қўйиб, уларнинг гапини маъқуллаб турарди. Анчадан буён давом этаётган улфатчилик ниҳоясига етай демасди. Аксинча, даврага янги улфатлар қўшилиб, зиёфат тобора кучайиб бораётганди. Энди улфатлар нима учун йиғилганини ҳам унутиб қўйишган, Анвар ака эса бир четда қолиб кетганди. У ўтирган жойида бошини столга қўйиб, пинакка кетди. Улфатлар устма-уст буюртма бериб, еб-ичиб бўлгач, бирма-бир тарқалишди. Охирида Анвар аканинг ёнида қолган шериги уни турғизишга уринди. Аммо у бошини кўтариб ҳам қарамади. Ахийри ҳафсаласи пир бўлган улфат атрофга олазарак қараб олди-ю, кафе хизматчиларининг кўзини шамғалат қилиб, жўнаб қолди. Бир маҳал хизматчи йигит келди ва Анвар акани уйғотди. У базўр кўзини очиб, атрофга қаради. У қаерда, нима учун бундай ўтирганини ҳам унутиб қўйганди. Ёнида турган йигитнинг сўзларидан сўнг унча-мунча нарса ёдига тушгандай бўлди. Официант йигит тоқати-тоқ бўлиб, қўлидаги ҳисоб қоғозни тутқазди-да. Анвар ака юзига сепилган совуқ сувдан бироз ўзига келди. Сўнг ҳисобни кўриб, кўзларини катта-катта очди. Кейин недандир умид қилиб, кафеда ўзига таниш қиёфаларни излади. Йўқ. Ҳамма аллақачон кетиб бўлган. Кафеда одам сийрак. Хизматчи йигит-қизлар бир четда ўтириб гурунглашяпти. Гоҳ-гоҳида мижозларга кўз қирини ташлаб қўйишини айтмаса, бу ердагилар билан иши йўқдай бепарво ўтирибди. Анвар ака буларни зимдан кузатиб, ўзича ҳисоб-китоб қилди. Чўнтагидаги бор-будини чиқариб, официант йигитга кўрсатиб, ҳисоб қоғозга қўшиб столга қўйди. Тағин пул сочилиб кетмасин деб стаканни бостирди. Кейин официантнинг етиб келишини кутиб ўтирмай, жўнаб қолди. Официант келиб пулни олди-ю, санашга тушди. Сўнг шаҳт билан ташқарига чиқиб Анвар акани излай бошлади. У ҳали узоққа кетмаган эди. Анвар ака ортидан чақиришаётганини эшитиб қадамини тезлатди. У катта йўлга чиқиб, машина тўхтатиш учун қўл кўтарди. Аммо ўтиб-қайтаётган машиналар ҳа деганда тўхтамасди. Бу орада официант етиб келди.
— Пулни кам берибсиз, — деди официант Анвар акага қараб. Анвар ака эса таажжубланиб:
— Сен кимсан? — деб сўради.
— Ким дейсизми? Масхара қиламан, деб ўйламанг! Пулни тўлиқ тўлаб қўйинг.
Официантнинг жиддий оҳангда айтилган гапидан Анвар ака ўзига келгандай бўлди. Аммо сир бой бермай:
— Ҳа-а-а, узр, узр, укам, — деди. — Пул кам дейсанми? Одамни хафа қиляпсан лекин. Пулни бердим-ку.
— Мен бермадингиз демадим. Кам деяпман. Мана, санаб кўринг.
— Бўпти, кўчада шовқин қилма. Ҳамма бизга қараяпти. Мана, етмаганига телефонимни ол. Қайтими керакмас. Бўладими? — деб телефонини узатди Анвар ака. Официант эски ва оддий телефонни кўриб:
— Буни бошимга ураманми, пулни беринг! — деди.
Лекин бу гапларнинг фойдаси бўлмади. Ахийри официант телефонни олиб, Анвар акани етаклаб, кафега қайтди. Анвар ака йигитчага бўйсунмасди. Лекин официант унга қараганда бақувват ва тетик бўлгани боис куч ишлатиб, Анвар акани измига юргизди. Анвар ака кафега қайтиб, бояги жойига ўтирди. Официант унинг телефонидаги рақамларни бир-бир кўздан кечираётганди. Шу пайт Анвар ака:
— Менга туҳмат қиляпсизлар, ҳозир милиция чақираман. Пулини тўлаб қўйганман. Қўйиб юбормасаларинг ўзларингдан кўринглар! — деб дағдаға қила бошлади.
Бу орада официант Анвар аканинг ўғли Шоҳрухнинг рақамига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирди. Сўнг ҳамон айбсизлигини иддоа қилаётган Анвар аканинг ёнига келиб:
— Жим ўтирмасангиз охири яхши бўлмайди, — деди.
Йигитнинг бу гапидан сўнг Анвар ака жим бўлди. Бу вақтда Шоҳрух ишидан рухсат олиб, топган-тутгани билан йўлга чиққанди. У айтилган манзилга етиб келгач, қарзни тўлаб, отасини олиб уйига жўнади. Уйга етиб бормагунча иккиси ҳам миқ этишмади. Уйга киришгач, Шоҳрух бирдан отасига юзланиб:
51
9
7