Ожиза аёллар
15—қисм
Гулраъно ҳикояси
Дорихона иши қийин. Бир вақтнинг ўзида ҳам билим, ҳам диққат, ҳам хушмуомалалик, ҳам ҳисоб-китобга пухталик талаб қилинади. Кечгача тик оёқда туриб, чарчаб қоламан. Уйга келганимда бир дунё юмуш қучоқ очиб кутиб олади. Гарчи жуда тўкин яшамасак ҳам, ҳаммаси секин-аста ўз измига тушаётган эди. Машҳур акам ҳам шарбат ишлаб чиқарадиган фирмага ҳисобчи бўлиб ишга кирган, бировдан олдин, бировдан кейин яшаётган эдик.
Аммо, оиламиз осмонида яна қора булутлар айланиб қолганди. Эрим кетма кет икки кун ишга бормади. Шунчалик юрагимни олдирганманки, сабабини сўрашга қўрқаман.
Ишга бориб ҳам ўзимга келолмайман. Бирдан хаёлимга ёмон ўйлар ёпирилиб келади-ю қўлим ишга бормай қолади.
Икки кун уйга келмай кетган турмуш ўртоғим учинчи куни бир аҳволда кириб келди. Ортидан ётоқхонага кирдим.
—Гули, дадангдан қарз олиб бер, ўлай агар тўлайман! Унинг кўзлари мушукнинг кўзидек ёниб турарди.
—Янамиии!? Бақириб юбордим. Эрим кафти билан оғзимни тўсди.
—Жимм! Дадам эшитмасин!
Қўлини силтаб олиб ташладим.
—Яна қиморми? Сиз ҳеч тавба қиласизми ўзи? Мени ўйламасангиз ҳам лоақал кекса ота-онангизни, болаларингизни ўйламайсизми? Одам ҳам шунчалик субутсиз бўладими?
Овозим борича бақирар эканман, юзимга қаттиқ тарсаки тушди, кўзимдан ўт чиқиб кетди.
Чўккалаб қолдим.
—Номард!
Бизнинг жанжалимизга қайнотам кирди.
—Яна нимани бошладинг?
Бу сафар чақиб бермадим, индамай туриб керакли нарсаларимни йиғиштирдим, болаларимни ҳам кийинтириб, уйдан чиқиб кетдим.
Ота-онамнинг уйига хуфтонда кириб бордим. Йўл бўйи тинмаган кўз ёшим уйда ҳам тўхтамади.
—Ажрашасан! —деди дадам.
—Эринг, барибир, одам бўлмайди. Юрт маломат қилса қилаверсин, аммо у уйга қайтиб бормайсан!—деди дадам моматалоқ бўлиб кетган юзимга қараб.
Шу тариқа уйга келиб қолдим. Аввалига роса қийналдим. Менга суяниб қолган қайнона-қайнотамни ёлғиз қувончи —невараларидан айирганим бир бўлса, иккинчи томондан шу қиморбоз эримни, барибир, севардим...
Кейин-кейин кўникдим. Вақт ҳамма нарсага даво. У кўп яраларга малҳам бўла олади, лекин чандиғи битмайди. Қайнонам ўғлининг қилмишларини кўтара олмай оламдан ўтиб кетди. Машҳур ака бўлса, ўша икки хона уйни ҳам сотиб юбориб, ҳозир ижарада яшаётган эмиш, қайнотам қариганида ҳали у қизиникида, ҳали бу қизиникида сарсон юрган экан.
Биз суд орқали ажрашдик.
Ўғилларим катта бўлиб қолди.
—Ойи, ҳамма ўртоғимда телефон бор, нега менга рухсат бермайсиз, —дейди улар.
Жавоб беришни истамайман, аммо то тирик эканми кучим етганча уларни ташқи ижтимоий оламдан ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. Сиз ҳам хушёр бўлинг! Фарзандларингизни қаровсиз қолдирманг. Тобора ҳаётимизга кириб бораётган бу қопқондан болаларингизни ҳимоя қилинг!
Давоми бор
Феруза Салходжаева
🌸🌼
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg
77
21
13
5
3
1August 26, 2026 3.4K 3