Ожиза аёллар 14—қисм Гулраъно ҳикояси Қайнонам инсульт бўлди. Узукун… — ЎЗБЕГОЙИМ КАНАЛИ — TG.ME

Ожиза аёллар

14—қисм

Гулраъно ҳикояси

Қайнонам инсульт бўлди. Узукун қимирламай ётар, бир ташвишимиз минг бўлган, рўзғордан барака кетганди. Ҳаётнинг бу қадар шафқатсиз эканини сира ўйлаб кўрмаган эканман. Уй юмушлари ҳам бир-у, тилдан, ҳаракатдан қолган қайнонамга ҳам қараш бир эди. Эримни умуман кўргим келмас, ҳаётим азобга айланган эди.
Баъзида уйдан қочиб чиқиб,, бошимни олиб бир ёқларга кетгим келарди.
Қор ёғиб, кунлар бирдан совуб кетди. Иссиқлик қувури ишламайдиган уйимиз заҳ босиб, газлар пасайиб кетган, ейиш-ичишнинг тайини йўқ, ойлаб гўшт кўрмайдиган қозонга овқат солишнинг эса қизиғи йўқ эди. Ҳаётдан совуб кетдим.
Бу уйда мени раҳм-шафқат ушлаб турар эди, холос.

Тушда эшик тақиллагандек бўлди. Кимдир жуда секин, журъатсиз эшик қоқарди.
Қўрқиб тирқишдан мўраладим.
Отам келганди! Эшикни очдиму ўзимнинг дадамнинг бағрига ташладим. Йиғлаб юбордим. Бошимни силаб, пешонамдан ўпди отам. Қўли билан кўз ёшимни артиб, "Йиғлама!" дегандек ишора қилди. Қўли тўла юк эди, ташлаб, яна пастга тушиб кетди. Яна халталар билан чиқди.
—Қудаларимиз уйдами? —деди сўнг торгина даҳлизда оёқ кийимини ечишга тутиниб. Қўлидаги битта қора халтани ўзи билан ичкарига олиб кирди.
Қайнотам билан қучоқ очиб кўришди отам.
Дастурхонда битта буханка, бир пиёла шакар бор эди. Отам келтирган нон, қанд-қурс, мева-чева билан тўлдириб ташладим. Норину кабобларни, қоврилган жўжаларни ликобчаларга солиб келтирдим. Қайнотам бошини кўтармай ўтирар, отам болаларимни тиззасига ўтказганча қўлига ширинлик тутқазарди.
—Машҳурбек ишдамилар? —деди отам чой ҳўплаб.
Дадам, аслида, ҳаммасидан хабардор эди.
—Қораси ўчсин Машҳурнинг. Бошимга битган бало бўлди. Юргандир яна дайдиб. Қимор ўйнаб. Ютқазиб!
Отам бир лаҳза сукут сақлаб, сўнг тилга кирди.
—Йигитчиликда ҳамма нарса бўлиб туради. Ҳали бу кунлар ҳам ўтиб кетади, ака. Кейин қўлидаги қора халтани хонтахта устига қўйди.
—Мана бу пул менимча етади. Бу невараларим отаси учун. Сиз бизнинг боламизни қиз ўрнида қабул қилдингиз, биз ҳам ўғлимиз учун ёрдам беришга бурчлимиз. Қўлимни қайтарманг.

Балкон эшигида турганча бўш чойнакни тутиб турар эканман, кўз ёшларимни тута олмасдим.

Қайнотам бошини кўтармай ўтирар, отам яхши гаплардан гапиришга ҳаракат қиларди.

Отам яхшиям пул олиб келибди, Машҳур акам аллақачон Ватан бўлиб улгурган шу заҳ, кўримсиз, тор уйимизни ҳам сотувга қўйиб улгурган экан. Эълонни ўчириб ташлади.

Дадам оиламни сақлаб қолмоқчи бўлди. Невараларининг отасиз ўсишини истамади, эл-юртнинг маломатидан қочди ва энг муҳими одамгарчилик қилди.

Ҳаётимиз яна изига тушиб кетди.
Эрим ўрғоғининг дўконига сотувчи бўлиб ишга кирган, рўзғоримиз баҳоли қудрат юриб турарди. Болаларни боғчага бериб, мен ҳам ишга тушдим. Ўз касбим бўйича дорихонада сотувчи бўлиб ишлай бошладим. Ойлик маошим болаларимнинг боғча пулига ҳам, ойижоннинг дори дармонига ҳам етар, қайнотам уйда аёлига қараб ўтирар эди.

Давоми бор

Феруза Салходжаева
❤61😢8🔥6👏2
August 26, 2026 3.2K 5