— Абдуллани ким уйлантиради?
— Ўзимиз уйлантирамиз.
("Суюнчи" фильмидаги диалог)
Ортиқхўжаевнинг “Пахтакор” — “Сурхон” учрашувидаги вазиятдан кейин клубни молиялаштиришдан воз кечиши мумкинлиги ҳақидаги хабар, менимча, мухлислардан кўра кўпроқ ПФЛ ва ЎФАнинг бошини оғритиши керак.
Чунки гап шунчаки бир клуб эгасининг кетишида эмас. Гап — Ўзбекистон футболида хусусий инвестицияга ишонч масаласида.
2030 йилгача клубларни босқичма-босқич хусусийлаштириш вазифаси қўйилган. Аммо амалда клубларнинг катта қисми ҳали ҳам вилоят ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфида. Хусусий инвестор эса камдан-кам учрайди.
Шундай шароитда “Пахтакор”га хусусий маблағ кириб, клуб инфратузилмаси янгиланди, Қибрай базаси ривожлантирилди, майдонлар таъмирланди, легионерлар жалб қилинди. Энг муҳими, клуб хорижий телеканалларга трансляция ҳуқуқини сотиш орқали даромад олиш моделига ҳам қадам қўйди.
Буларнинг барчаси идеал бўлмаслиги мумкин. Аммо хусусий инвестор футболга кириб, ўз маблағини тикиб, клубни ривожлантиришга ҳаракат қилгани — ўзи ижобий ҳолат.
Буёқда эса “Нефтчи” азалий рақобатни қайта тикламоқда, “Бухоро” бошини кўтармоқда, “Навбаҳор” ҳам ўзини топиб бормоқда. Демак, Суперлигада рақобат кучайиши учун шароит пайдо бўляпти.
Шундай пайтда яна бир савол туғилади:
Агар хусусий инвесторлар футболга киришидан мақсад — клубни ўзини ўзи таъминлайдиган бизнесга айлантириш бўлса, тизим(ПФЛ ва ЎФА) уларни футболда ушлаб қолиш учун нима қиляпти?
Масалан, “Бунёдкор” каби клубга ҳатто минимал харажатларни қоплаш учун ҳомий топиш масаласида амалий ёрдам бериш қийин бўлаётган бир шароитда, “Пахтакор” каби катта хусусий маблағ киритилаётган клубни ҳам бирданига ўз ҳолига ташлаб қўйиш кимга керак?
Айниқса, бугунги вазиятда масала фақат бекор қилинган битта голда эмас. Агар клуб раҳбариятида “менинг сармоям бор, аммо тизимдаги муаммолар сабабли футболга бўлган ишончим сўняпти” деган кайфият пайдо бўлса, бу бошқа эҳтимолий инвесторларга ҳам жуда ёмон сигнал.
Хусусийлаштиришни хоҳлаяпмизми?
Унда хусусий инвестор келганида фақат:
“Маблағингизни киритинг, клубни ўзингиз бошқаринг”
дейишнинг ўзи етарли эмас.
Унга нормал бизнес муҳити, шаффоф бошқарув, адолатли ҳакамлик, замонавий маркетинг ва энг муҳими — тизимга ишонч ҳам керак.
Акс ҳолда эртага яна бир инвестор чиқиб кетса, яна бир клубни давлат ёки ҳокимлик бюджетига қайтаришга тўғри келади.
Шунда юқоридаги диалогдаги савол яна пайдо бўлади:
— Пахтакорни ким молиялаштиради?
— Ўзимиз молиялаштирамиз.
Лекин “ўзимиз” дегани яна давлат бюджети бўлса, унда клубларни хусусийлаштиришдан кўзланган мақсад нима?
👉 @onikkinchi