НАСРОНИЙ ОДАМГА ДАМ СОЛИШ
❓ 2218-САВОЛ: Насронийлик динига эътиқод қилувчи одамга дам солиш жоизми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фуқаҳолар мусулмон бўлмаган, яъни ғайридин одамга дам солишни жоиз деганлар ва бу ҳукмни Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдан олганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳлар Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига таом беришни сўраганларида, улар бош тортдилар. Бир пайт ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди, аммо ҳеч бири фойда бермади. Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол, уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик, лекин фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда нимадир борми?” дедилар. “Бор, Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишни сўрасак, унамадингиз. Бизга бир нарса бермагунингизча, дам солмайман”, деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У “Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн”ни ўқиб дам сола бошлади. Бемор худди боғлови ечилгандек, ҳаракатга тушиб кетди. У ҳеч нарса кўрмагандек юриб кетиб, ўз одамларига: “Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар”, деди. Баъзилар: “Бўлишиб олинглар”, дейишди. Аммо дам солган киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот: “Унинг (Фотиҳанинг) руқя эканлигини қаердан билдинг? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар”, дедилар”.
“Кувайт фиқҳ энциклопедия”си номли катта ҳажмдаги замонавий фиқҳий китобда қуйидагилар айтилган:
رقية المسلم للكافر: لا خلاف بين الفقهاء في جواز رقية المسلم للكافر. واستدلوا بحديث أبي سعيد الخدري رضي الله عنه الذي سبق ذكره ووجه الاستدلال أن الحي - الذي نزلوا عليهم فاستضافوهم فأبوا أن يضيفوهم - كانوا كفارا، ولم ينكر النبي صلى الله عليه وسلم ذلك عليه.
“Мусулмоннинг кофирга дам солиши:
Мусулмоннинг кофирга руқя қилиши жоизлигида фақиҳлар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Улар бунга Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг олдин зикр қилинган ҳадисларини далил қилиб келтирганлар. Ҳадиснинг далиллиги шундаки, улар меҳмондорчилик сўраган ва бундан бош тортган қабила одамлари кофирлар эди, бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу иши(дам солиш)ни инкор қилмадилар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.