“ҲАЛҚА” КИТОБИНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА
Аллоҳнинг инояти, улуғларнинг дуоси ҳамда яхши инсонларнинг ёрдами билан “Ҳалқа” китоби нашрдан чиқди, алҳамдулиллаҳ. Бу ғариб китобнинг оғир бир таржимаи ҳоли бор. Бу бечора китоб қамоқда туғилди. Озодликда вояга етди. Унинг овози ҳаммаёққа тарқалди, аммо ўзи юра олмади. Ниҳоят, 2021-йил, май ойида “Академнашр” илк марта нашр қилди. Лекин бунинг устида бўлган можаролар ниҳоятда оғриқли. Кейин яна бир нашр бўлди, бу сафаргиси ундан ҳам азобли хотиралар ва хатолар ила ёдда қолди. Кейин яна чоп этишди – бизга ёқмаган бир суратни муқовага қўйишди. Айнан шуни қўйманглар деган бўлсак-да, шуни танлашди.
Кейин яна икки марта чиқарилди: босма ишлари кўнгилдагидек кечмади. Кейин яхши сифат умиди ила Туркиядан чиқардик. Аммо не бахтки, китоб бирйўла тутқунликка тушди: ўн минг нусха ҳамон божхона омборида чанг босиб ётибди. Кейин у ҳақида турли миш-мишлар тарқалди:
“Ҳалқа” тақиқланибди!”
“Бир ўқув марказида “Ҳалқа” китоби борлиги учун эгаси жарима қилинибди!”
Ҳатто қайсидир телеграм канали “Ҳалқа” китоби тақиқланди, ҳамма қўлидаги китобни ички ишлар бўлимига опкелиб топширсин!” – дея амр қилди. Бу амр ортидан бориб суриштирсак, асоссиз гап бўлиб чиқди. Қайси бир шўро давридан қолган фидойининг шахсий ташаббусими экан деган тахмин келди хаёлга.
Лекин биз умид узмадик. Вазиятни Юртбошимизга баён қилиб хат ёздик. Расман ҳукумат порталига ҳам мурожаат қилдик. Нақ бир йилда ечилмаган муаммо бир ҳафтага бормай ҳал бўлди: ниҳоят, “Ҳалқа” китобининг чоп этилиши учун расман тавсия берилди.
Биз бундан севиндик, Аллоҳга ҳамд айтдик. Энди аксар китобхон авомунносдан: “Ҳалқа” таҳрирландими? Ўзгартирилдими?” – каби саволлар тўхтамаяпти. Бу саволларга ҳар бир китобхон ўзи шахсан жавоб топишини истардик.
Қани, кўринг-чи, асар қисқартирилибдими?
Башарти, шундай бўлса, қаери олиб ташланибди?
Олиб ташланиши асарнинг бош ғоясига қандай зиён етказган? Марҳамат, мана шундай саволларга ҳам жавоб излаб кўринг.
Биз эса, муаллиф сифатида, келгуси ойда беш ёшга тўлаётган “Ҳалқа” қиссасининг нашридан беҳад хурсандмиз. Беш йилки ўқилаётганидан Аллоҳга ҳамд айтамиз. Айримлар илк нусхаларини тўрт юз минг сўмга сотилаётганини зикр қиладилар. Изнсиз чоп этилган, тарқатилган, сотилган нусхалари қанча эканлиги ҳақида бизда мутлақо маълумот йўқ.
Ҳурматли китобхонлардан илтимосимиз шулки, китоб ҳақидаги, унинг нашри-ю сифати, таҳрир-ю тасъҳиҳи ҳақидаги ўрин-ноўрин гап-сўзлар муаллифга сира ҳам енгил қабул бўлмайди, ҳар бири бироз бўлса-да, оғриқ изини қолдиради.
Азизларим, турли асоссиз ва кераксиз муҳокамалардан тийилиб, яхшиси, дуо қилингизлар! Масалан, мана бундай:
“Аллоҳим, “Ҳалқа” китобини бизга манфаатли этдинг, унинг манфаатини авлодларимизга ҳам қойим айла! “Ҳалқа” китоби қалблар маҳкам ушлайдиган мустаҳкам ҳалқа бўлишини насиб этгин! Аллоҳим, “Ҳалқа” китоби бемалол, эмин-эркин нашрдан чиқаверсин!
Муаллифнинг гуноҳларини афв эт! Уни паноҳингда асра! Унга янада яхши асарлар ёзиш учун илҳом ва қуват бергин! Ёмон кўз ва сўзлардан қўриқлагин! Унинг шахсига душманлик қиламан деганларга инсоф ва хайрихоҳлик бергин! Бизга эса унга дўст бўлиб, дуолар ила мадад ва дастак бўлишимизга ёрдам ато этгин!”
Мана шундай дуолардан кўра Сиздан келадиган улканроқ яхшилик борми оламда?
“Ҳалқа” учун ҳам, кейинги янги битиклар учун ҳам шундай қўлловларингизга жуда муҳтожмиз!
Камоли эҳтиром ила фақир ходимингиз Акром Малик зулҳижжанинг 8-куни, 1446-ҳижрий; 4-июн, 2025-милодий; чоҳаршанбаи муродбахш куни ёзди.