🔰 Соғлом ва баркамол авлод – юрт тараққиёти ва миллат келажаги пойдеворидир!
📌 Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодировнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
✍️ Ассалому алайкум, азиз косонсойликлар, қадрли юртдошлар!
▫️Бугунги кунда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний тарқалиши бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Бу иллат инсон саломатлигига, оила муқаддаслигига, жамият барқарорлигига ва мамлакат тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда.
Айниқса, ёшлар орасида зарарли одатларнинг тарқалиши жонажон Ватанимиз келажаги учун катта хавф туғдиради. Мамлакатимизнинг эртанги куни, халқимизнинг умиди ва ишончи бўлган ёш авлодни соғлом, билимли, маънан баркамол ва ватанпарвар этиб тарбиялаш олдимизда турган устувор вазифалардан биридир.
📌 Қадрли ота-оналар!
▫️Фарзанд тарбияси барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Уларнинг қизиқишлари, атрофидаги муҳит ва бўш вақти қандай ўтаётганига жиддий эътибор қаратишимиз керак. Бу борада ёшларимизни спортга, китобхонликка, санъатга, ахборот технологияларига ва замонавий касб-ҳунарларга кенг жалб этиш орқали уларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилишимиз мумкин.
📌 Муҳтарам нуронийлар ва ҳурматли жамоатчилик фаоллари!
▫️Сизларнинг бой ҳаётий тажрибангиз ва жамиятдаги обрў-эътиборингиз маҳаллаларимизда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ёшлар билан учрашувлар ўтказиш, миллий қадриятларимиз ва эзгу анъаналаримизни тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлга бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларингиз бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур.
Ҳар бир маҳаллада профилактика ишларини кучайтириш, хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Шунинг учун ёшларимизни маданий-маърифий тадбирларга, спорт мусобақаларига, маҳалла ва гузарлардаги жамоат ишларига кенг жалб қилиш орқали уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишимиз лозим.
📌 Азиз ёшлар!
▫️Сизлар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этувчи кучсиз. Ҳар бирингиз илм олишга интилиб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, соғлом турмуш тарзига амал қилишингиз зарур. Зарарли одатлар ва гиёҳвандликка қарши қатъий позицияда бўлиб, ўзингиз ва тенгдошларингизни бундай хавфлардан асрашга ҳисса қўшинг.
Ишонаманки, барчамиз ҳамжиҳатлик ва бирдамликда ҳаракат қилсак, фарзандларимиз учун соғлом муҳит яратамиз, маҳаллаларимиз тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлаймиз ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз.
Дилмурод Қодиров,
Косонсой тумани ҳокими
👉 Telegram | Facebook | Instagram | Youtube