ﺧﻠﻮت در اﻧﺠﻤﻦ
«Хилват» – холи, танҳо, ёлғиз қолиш дегани. «Анжуман» – тўпланган кишилар, йиғилиш, жамоат демак. «Хилват дар анжуман» кўпчилик ичида, жамоат орасида ёлғиз қолиш, ўзини ёлғиз ҳис қилишдир.
Хожагон-нақшбандияда «хилват дар анжуман» кўпчилик ичида, жамоат орасида Аллоҳ ёди билан бўлиш, Аллоҳни асло унутмаслик ҳолидир. Жамоат ичида Аллоҳ билан бўлиш хислатига осонликча эришиб бўлмайди. Мудом зикр ва тақво талабидаги толиб риёзати билан эришилади.
Одатда, хилватда, ёлғизликда Аллоҳни эслаш, Аллоҳ ёди билан бўлиш осон. Фикр ва диққат бўлинмайди, ҳис-туйғуларни жиловлаш осон кечади. Аммо турли ташвишлар билан халқ орасида бўлсанг, жамоат орасида ўтирсанг, Аллоҳ билан бўлишинг қийин кечади. Чунки орада муомала-муносабатлар, турли ҳолатлар, чалғитувчи вазиятлар содир бўлади. Солик Ҳақ зикридан чалғиб, диққати дунё ҳаёти билан банд бўлади.
Машойихларимиз айтадиларки, аслида тариқатдаги муҳим нарса – масжиддаги хилват-ёлғизликдан иборат ҳолини халқ – жамият орасида ҳам давом эттириш, шу ҳолни муҳофаза қила билишдир. Шунинг учун тариқатда «хилват дар анжуман» асосий рашҳалардан саналади. «Хилват дар анжуман» орқали солик халқнинг ичида Ҳақ билан бўлишни ўрганади. Қўли ишда, кўнгли ёр – Аллоҳда бўлади. Қуръони каримда шундай дейилади:
رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ ۙ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ
«Нур» сураси, 37-оят.
«Шундай кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олур. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар». Яъни, соликнинг Аллоҳ билан бўлган маънавий яқинлигини – хилват ҳолини – дунёвий ташвишлар, ҳаётнинг икир-чикирлари тўсиб қолмайди. Унинг ёлғизликдаги «қурбат ҳоли» ҳар қандай вазиятда давом этади. Солик ўзини чоғлаб, ўзини йиғиштириб бунга эришади.
Хожа Баҳоуддин ҳазратларидан сўрадилар:
– Сизнинг тариқат йўлингизнинг асоси нима?
Ҳазрат жавоб берди:
– Хилват дар анжуман — зоҳиран халқ билан, ботинан Ҳақ билан бўлиш.
Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг: «Шундай кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан…»121, дегани айнан шу ҳолатга ишорадир.
Хожа Авлиёи Кабир дейдики: «Зикрда машғуллик шу даражага етиб борадики, бозорга кирса, юракдаги зикр ғалабасидан зокир ҳеч қандай сўз ва овозни эшитмайди».
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор айтадиларки: «Зикрга қаттиқ саъю ҳаракат қилиш билан беш-олти кун ичида шундай мартабага етишиш мумкинки, одамларнинг сўзлари, ҳикоялари қулоққа зикр бўлиб эшитилади. Ҳатто ўзи гапираётган гап ҳам зикрдек туюлади».
Албатта, хилват, ёлғизликда маънавий-руҳий яқинликнинг мазмун-моҳиятини англаган, ундан завқ туйган киши унинг давомийлигини орзу қилади, меҳнатда машқ қилади ва анжуманда ҳам бунга эриша бошлайди. Анжуманда хилватда бўла олган солик юқори маънавий мақомларга эришади.
@KitobxonUz