БУГУН — АРАФА КУНИ!
БУГУН — МИНГ-МИНГЛАБ ОСИЙЛАР ГУНОҲИ КЕЧИРИЛАДИГАН МАҒФИРАТ КУНИ!
БУГУН — САНОҚСИЗ ИНСОНЛАР ЖАҲАННАМ ЎТИДАН ОЗОД ЭТИЛАДИГАН ҚУТЛУҒ КУН!
БУГУН — АЛЛОҲ МАЛОИКАЛАРГА АРАФОТДА ЎТИРГАН ҲОЖИЛАРНИ ФАҲР БИЛАН МАҚТАЙДИГАН УЛУҒ КУН!
БУГУН — ДУО, ИЛТИЖО, МУНОЖОТ, ТАВБА-ТАЗАРРУЪ, ИСТИҒФОР, САЛОМ ВА САЛАВОТЛАР КУНИ!
БУГУН — ҲАЖГА БОРИШ НАСИБ ЭТМАГАН МЎМИНЛАР УЧУН РЎЗА КУНИ!
Аллоҳ таоло Ўзининг етук ҳикмати билан баъзи кун ва ойларни баъзи биридан афзал қилиб яратган. Шунингдек, баъзи бир жойларни баъзи биридан устун қилган. Аллоҳ айрим замон ва маконларни айримидан фазилатда ортиқ қилиб қўйган.
Замонлар ичра Арафа куни энг афзал кун бўлса, маконлар ичида энг афзал макон Арафотдир!
Жаноби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай улуғ кун ва қутлуғ жойларнинг қадрига етиб, бу қисқа бебаҳо фурсатдан унумли фойдаланиб, пешиндан шомгача Арафотда туянинг устида Аллоҳга дуо-илтижо қилганлар.
Жуда ҳам кўп дуо қилганларидан кун бўйи туз тотмадилар. Ўша куни еб ичган таом ва шароблари аср маҳалда бир коса сут бўлган. Бор-йўғи бир коса сут ичдилар холос. Еб-ичишга вақт ажратмасдан фақат ва фақат дуо-илтижо билан банд бўлдилар.
Худди шунга ўхшаш қимматбаҳо кийимларини ташлаб, енгсиз, ёқасиз оддий оқ матога бурканган ҳожилар ҳам бугунги кунда замон ва макон шарафини жамлаб Арафотда ўтиришибди. Арафотда дуо қилишяпти.
Ҳажга бориш насиб этмаган биздек инсонларга макон шарафи насиб этмасада, лекин алаҳамдулиллаҳ замон шарафи насиб этди. Арафа майдонига етмаган бўлсакда, Арафа кунига етиб келдик, алҳамдулиллаҳ.
Гарчи баданингиз Арафотга етмаган бўлса ҳам, қалбингиз ўша ерга талпинса, олий ниятингиз боис, қалбдаги шавқ-завқ боис тўлиқ ҳаж ва умранинг ажрини оласиз, инша Аллоҳ. Бунга далиллар етарли.
Хуллас, бугун қалби синиқ камтарин инсонлар ғалаба қозонади. Мутакаббирлар, димоғдор, зўравон, золимлар синади, ютқизади.
Бугун қўлини дуога кўтиб Аллоҳга ялинган зотлар ютади, ғофиллар, уйқичилар, танбаллар ютқизади...
Азиз ҳожилар!
Азиз мусулмонлар!
Ушбу қисқа пайтда дуо ва зикрни кўпайтиринглар.
Ўзингиз учун дунё ва охират саодатини сўранг. Дунё ва охират яхшиликларини тиланг. Дунё ва охират ёмонликларидан паноҳ тиланг.
Билинг, сиз Улуғ, Карийм, Сахий Роббил аламийндан сўраяпсиз, шундай экан энг аввало ўзингизга яхшиликлар сўранг, қолаверса, ота-онангиз, аҳли аёлингиз, бола-чақангизга сўранг. Сўнг маҳалла-кўй, шаҳар-қишлоқ ва мамлакатингизга ҳамда Ер юзидаги жумла мўминларга иймон, илм-маърифат, иззат-ҳурмат, рушд-ҳидоят, тинч-омонлик, мўл-кўл ризқ, барака, ривож, равнақ сўранг!..
Ҳеч қачон ноумид бўлманг!
Бу йил ҳажга бориш насиб этмаган мўмин биродарлар. Иложи борича пешиндан кейин масжиддан чиқмасдан ибодат билан банд бўлинг. Бунинг имкони бўлмаса, асрдан кейин масжиддан чиқмасдан худди ҳожиларга ўхшаб узоқ дуо қилинг.
Илоҳо, Қодиро, Холиқо, Розиқо,
Кариймо, ё Ҳайю, ё Қаййум, ё залжалоли вал икром бу кундан унумли ва оқилона фойдаланишни барчамизга насиб эт.
Ўзимизни, ота-онамиз ва аҳли аёлларимизни ва жумла мўминларни жаҳаннам ўтидан озод эт. Дилдаги тилакларимизни Ўзинг рўёбга чиқар, дуоларимизни мустажоб қил. Ҳузурингда гадодек қўл чўзиб ялинамиз, ёлворамиз, бизларни ноумид қўйма...
Роббано, отино фиддунё ҳасана, ва фил охирати ҳасана ва қино азабаннор...
Ва соллаллоҳу ва саллама ала Набиййина Муҳаммад...
Жалол Иброҳим.