Келинга ёпилган эшик, қизга очилмасин. Онажон, суюнчи беринг!… — 📚 Ibratli Hikoyalar 📚 — TG.ME

Келинга ёпилган эшик, қизга очилмасин.

Онажон, суюнчи беринг! Келинингизнинг кўзи ёриди!
Бай, бай, бунча ваҳима қилмасанг, ҳамма аёл ҳам шу-да! Нима туғилибди?
Қизал-о-о-о-қ! Ўғлимга сингил бўлди, онажон.
Ҳай, қутилиб олгани рост бўлсин… Қайнонанг келдими, суюнчи олдингми?
Она, қўйсангизчи, яна шу гапми? Ўзи зўрға…
Нима зўрға, нима зўрға?! Одамлар кўча супуриб ҳам тўйларни жаранглатиб ташлаяпти.
Ўтган сафар ўғил кўрдик қудажон, сарполарни бақувват қилаверинг десам, ўғлингга қаердаги нарсаларни кўтариб келибди, атаганим шу, деб. На менга, на сенга тузук-қуруқ нарса қилган… Бешик тўй оламан десам, ақиқа қилган кунимиз бешикни ўзини ташлаб кетди-ку! Бундоқ каттароқ жиҳоз олиш керак, масалан кир ювадиган машинами ё музлатгичми, ё бўлмаса газ плитами?..
Ойи, уй жиҳозларини керагидан ортиқ қилиб олиб бераётган бўлсам, ҳамма нарса бадастур бўлса, қудадан нарса кутишимиз уят эмас-ми! Мен унда ким бўламан, эр бўлмай?
Муҳтожликдан қилинмайди, болам. Элу юрт удуми шу. Қуда қизиникига обрўси баланд бўлсин, ён-веридагилар олдида мулзам бўлмасин деб борини тўкиб-сочади. Ана, ўтган ой синглингнинг тўйида қилган сарполарим, салом куни “сочди-сочди”ларим, “чарлар”да ҳаммага қилган патнисларимни ҳалигача гапириб юришибди, қудажонимдан айланай деб! Нима улар мен қилган нарсага қараб қолган дейсанми, йўқ! Қудам ўзига тўқ. Лекин, орзу-ҳавас, дўст-душман деган гаплар ҳам бор. Бунинг устига, синглинг ўша ерда тиниб-тинчиб кетсин, бировдан кам бўлмасин, овсинлари, қайни-бўйнилари олдида тили қисиқ бўлмасин, қайнонаси “Онанг уни қилмаган, буни қилмаган” демаслиги учун боримизни аямадим…
Ҳа, аямадингиз… Тўғрироғи миниб юрган “Spark”имни, дадам Исмоилнинг шартнома пули учун йиғиб юрган жамғармасини, қурбонликка атаб боқилаётган новвосни, ақиқа учун олиб келган қўйимни баҳридан ўтдингиз халос… Бизку, машина ўрнига автобусга чиқармиз, қурбонлик ва ақиқага бошқа мол топармиз, Аллоҳга шукр, ****-ичаримиз тўкин-сочин, аммо бечора укам чет элда, бегона юртда мусофичиликда таълим олади. Нафас олишигача долларда пул тўлайди. Тағинам, инглиз тилини мукаммал билгани учун ишлаб, кундалик харажати, ейиш-ичиши, ижара ҳақини чиқаради. Шартнома пулини эса биздан умид қилади. Ой тугаб боряпти. Банк орқали ҳисобига пул тушириш керак. Хўш, буларни ўйламадингизми, она. Ёки фақат қизингиз бўлса-бўлдими? Ўқишига бир йил қолганда укагинам қайтиб, диплом олмай келаверсинми?
– Менга овозингни кўтарма, нодон! Нима қилсам ҳам яхши бўлсин дея қиляпман.
– Нимаси яхши, она, нимаси зўр?! Дадам шарнома тўлаш учун ошна-оғайниларидан қарз йиғиб юрибди. Мен ҳам савдодан тушган фойдамни обкелиб қўлларига тутяпман. Ишдан кейин бирор ташкилотнинг ҳисоб-китобига ёрдам беряпман. Очиғи кечки навбатчилиги бор қоравулчилик олсамми, қўшимча тушум қилсамми деб турибман. Нега, чунки отам қарзини деб қадди букилмаслиги, юраги сиқилмасли керак! – деб Иброҳим овозини баландлатиб, қўлидаги туғруқхонадан олиб келган идишларни халта-палтаси билан гулхонага улоқтириб юборди.
Измидан, сўзидан чиқмаган ўғлини она таний олмади. Ҳамма айбини била турса ҳам бўйин эккиси келмади. “Ҳақиқий айбдор” топилди:
Ё, Олло, ё астофурулло! Ўғлим хотинингни гапига кириб онангни силталаяпсанми? Кеча келган жинғирчани деб “жаннат”ингга тош отяпсанми? Сени бизга қайраган тиллари кесилсин. Сенга ақл ўргатган миясига қурт тушсин. Ҳали мени совунимга кир ювмабди! – деганча Раҳбархон ая ғазаб отига минганча хонасига отилди. Кўчалик кийимини дарров кийдида, қўл телефонини олганча, дарвозадан чиқиб кетди. “Қуда” деб ёзилган рақамга сим қоқди:
Алло, Собирахон, ҳа мен. Валейкум! Набиралик бўлганингиздан хабарингиз борми, ё атай суюнчидан қочиб ўтирибсизми?
Раҳбархон опа, суюнчи сиздан айлансин. Фақат қон босимим ошиб, тез ёрдамда шифохонага келган эдик. Қизимни кўргани боролмадим. Шунга келинимни юбордим, бориб қолади. Суюнчиларини ўзим беролмаганим учун келинимдан қабул қиласиз энди, қудажон!

📚 Ibratli Hikoyalar 📚
❤29
August 25, 2026 1.9K 2