КАТТА САБОҚ
(Бугуннинг ҳикояси)
Унинг бобоси физика ва математика фанлари доктори, катта олим. Ҳамма «ядершик» дейди. Сабаби у киши атом ядроси тадқиқоти илмий марказида ишлаган. Бобо салкам қирқ йил шу соҳада хизмат қилиб, нафақага чиқдилар. Аммо нафақага чиққач, зерика бошладилар. Бу зерикишни ўрта мактабни тамомлаётган бийронгина набираси биринчиларда сезди. У бувасига ўхшаб «ядершик» бўлишни орзу қилар ва бу борада бувасидан ҳар замонда дарс олиб турарди. «Сенга маза, орқангда буванг бор, бир деганда ўқишга кириб кетасан», деб унга ҳавас қилишарди ўртоқлари.
Бу гап-сўзлар ва бобосининг ҳолати сабаб бўлажак «ядершик»нинг калласини ишлатиб юборди. Ўзича бир нарсаларни ўйлаб, ишга киришиб кетди. Бобосига ҳозирги тилда айтганда «репетиторлик» қилиш таклифи билан чиқиб, ҳам у кишини зерикишдан қутқармоқчи, ҳам ўртоқларини ўқишга тайёрламоқчи бўлди. Қандоқ яхши!
Пулдор ўртоқларидан 30 нафари унга қўл ташлади. Ҳар бири ойига бир миллиондан пул тўлайдиган бўлди. Ҳали имтиҳон топширадиган кунга 4 ойча вақт бор. Демак, умумий ҳисобда 120 миллион сўм пул нақд дегани.
‒ Бобожон, ‒ деди набира бувасининг пинжига тиқилиб, ‒ биламан, ишингизни давом эттира олмайсиз, нурлангансиз. Фаолиятингизни давом эттиришга дўхтирлар рухсат беришмайди. Сир бўлмаса, айтинг-чи, қанча ойлик олардингиз?
‒ Ўртача 15 миллион сўм, болам. Яна мукофот пуллари ҳам чиқарди. Нега сўраяпсан?
‒ Мен сизга ойига 30 миллион сўм бераман, ‒ деб пишириб қўйган режасини айтди набира.
‒ Ўҳ-ў... – деб бобо кулиб юборди. ‒ Жуда кўп-ку бу пул, болам.
‒ Ахир фан доктори деган номингиз бор! Бундан ҳам кўпига арзийсиз, бобожон.
‒ Яхши, унда ўртоқларингни ҳар куни бешта-бештадан олдимга олиб кел. Кўрай-чи, пичоққа илинадигани бормикан.
Суҳбат давомида болалардан фақат уч нафари «ядершик» отанинг «пичоғига илинди».
‒ Ўқитавермайсизми, дода? Ўқишга кирса кирди, кирмаса ўзидан кўрсин, ‒ деди набира.
‒ Тунов куни ўзинг доктор деган номингиз бор, дединг. Ўқишга кира олмаса кимсан докторга пул тўлаб ўқитган эдик деб ота-онаси маломат қилмайдими, болам? Менинг номим сен айтган ўшанча пулдан анча-мунча юқори туради. Кейин уларнинг умрига, улардан олган пулимга эртага Худонинг олдида нима деб жавоб бераман? Анови учтаси бўладиган хилидан, уларни яхши кўриб қолдим. Шундоқ пулсиз, савоб учун ўқитаман, тушундингми?
Бу воқеа бўлажак «ядершик» набира учун илк ва эсдан чиқмайдиган катта сабоқ бўлди.


