Манга ҳаётдаги адолатсиздек туюладиган қонуниятлардан бири йирик ишларнинг натижаси жуда секин келишидир. Бугун бошлаган тўғри ҳаракатимизни ҳақиқий мевасини кўриш учун баъзан 10-20 йил керак бўлади.
Масалан, тарбияда 10 ёшли болага сингдирилаётган қадриятлар, характер ёки қилинган хатоларнинг асорати у улғайиб, мустақил қарорлар қабул қила бошлагандагина очилади. Соғлиқ ёки молиявий масалаларда ҳам худди шундай: мунтазам нотўғри овқатланиш ёки самарасиз харажатларнинг зарари йиллар ўтиб, вазиятни ўнглаш ўта қийинлашган пайтдагина яққол кўринади. Бир марта ёғлик ош еб, керагидан ортиқ спиртли ичимлик ёки шакарга бой ичимлик билан одам шу заҳоти семириб ёки носоғлом бўлиб қолмайди. Шунга ҳам ҳеч нарса қилмайдику деб ўйлаймиз. Кичик харидлар ҳам шунақа. Уларнинг ҳар бири алоҳида сизни молиявий эркинликда узоқлаштирмайди.
Хато қилиб қўйиб, "майли" деб ўтиб кетган кичик лаҳзаларимиз йиғилиб, бир куни қимматга тушади. Қимматга тушган кўринганда бўлса, афсус қилиш кеч бўлади.
Лекин бунинг энг фожиали жиҳати бошқа ерда. Энг ёмони – одам тўғри йўлда бўла туриб, тезкор натижа кўрмагани учун ортга қайтишидир.
Дейлик, соғломлашиш ва формага кириш учун ҳафтасига 3-4 марта залда оғир тош кўтаришни ёки янги, йирик халқаро лойиҳа устида ишлашни бошладингиз. 3-4 ой ўтади, сезиларли ўзгариш йўқ. Баъзан 3-4 йил ўтади ва "бўлмаяпти шекилли, буни фойдаси йўқ экан" деб ҳаммасини ташлаб, бошқа йўналишга ўтиб кетамиз. Аслида эса мутлақо тўғри йўналишда эканлигимизни, шунчаки пишиб етилиш жараёни давом этаётганини тушунмаймиз. Буни англаб етганимизда эса аллақачон кеч бўлган, пойдевор бузилган бўлади.
Ҳазил гап бор-у, тўққизта аёл билан ётиб бир ойда туғдириб бўлмайди. Бизнес ва ҳаётда ҳам ҳақиқий катта натижалар ёки зарарлар муддат ўтишини талаб қилади.
Ўша машҳур “Мураккаб фоиз эффекти” *(Тҳе compound effect) сезиларли натижа бергунча фойдали ишни давом этишга ёки зарарлисини тўхтатишга сабримиз ва иродамиз етмайди.
Бизнес қурасизми, касб ўрганасизми, молиявий масалами, фарзанд тарбиялайсизми ёки соғлиқми — қоида битта, фойдали ёки зарарлигидан қатъий назар жиддий масалаларда натижасини кўриш учун муддат керак. Зарарга ишлаган ҳолатда, адолатсиз томони шундаки, йиллар йўқотилган ҳолатда натижани тўғрилаш умр талаб қилади ёки умуман орқага йўл бўлмайди. Масалан, фарзанд тарбиясида орқага йўл йўқ, соғлиқ масаласида кеч бўлган бўлиши мумкин, молиявий масалада имкон қўлдан чиққан бўлиши мумкин.
Натижа кеч келиши битта адолатсизликдек туйилса, иккинчи ўзи тўғри ёки нотўғри йўлда эканлигингизни баҳолаш қийинлиги ва сабр етмасдан тўғри йўлдан чиқиб кетиш бошқа адолатсизликдек туйилади.
F. Allaev